Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШда хорижда яшаётган ўзбек оилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Moslashuv markazi USA номли ахборот-психологик платформа яратилди. Лойиҳа АҚШ ҳаётига мослашишни енгиллаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва низоларнинг олдини олишга қаратилган.
Лойиҳа ташаббускори — Огайо штатида истиқомат қилувчи психология фанлари доктори, доцент ва амалиётчи психолог Абдурашид Турғунов. Платформада эр-хотин муносабатлари, ҳиссиётларни бошқариш, фарзанд тарбияси, оилавий можароларни ҳал этиш, миграциянинг оилага таъсири ҳамда АҚШнинг оилавий қонунчилигига оид амалий материаллар мунтазам эълон қилиб борилади.
Таъкидланишича, янги тил муҳити, турмуш тарзининг ўзгариши, молиявий қийинчиликлар ва ижтимоий муҳитнинг алмашиши кўплаб оилалар учун психологик босимни юзага келтириши мумкин. Шу боис, платформа ватандошларнинг янги ҳаётга тезроқ мослашиши, оилада соғлом муҳитни сақлаши ва зарур ҳолатларда ўз вақтида ёрдам олишига кўмаклашишни мақсад қилган.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан ватандошларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва миллий оилавий қадриятларни асрашга қаратилган ишлар билан ҳамоҳанг равишда амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу йўналишда АҚШдаги Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ахборот-маърифий ишларни кенгайтириш мақсадида лойиҳа муаллифи билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Олдинроқ Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси АҚШда яшаётган ватандошларга мамлакат қонунларига қатъий риоя қилиш ва маҳаллий қоидаларни ҳурмат қилиш бўйича мурожаат қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас