Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси АҚШда яшаётган ватандошларга мамлакат қонунларига қатъий риоя қилиш ва маҳаллий қоидаларни ҳурмат қилиш бўйича мурожаат қилди.
Дипломатик ваколатхона маълум қилишича, сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда айрим Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарлар кўпайган. Консулхона бундай ҳолатлар нафақат шахсий жавобгарликка сабаб бўлиши, балки бутун ўзбек жамоасининг обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Қайд этилишича, АҚШдаги ўзбекистонликларнинг аксарияти қонунларга риоя қилиб, меҳнат қилмоқда, таълим олмоқда ва тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда.
Консулхона йирик халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари даврида Ўзбекистонга бўлган эътибор янада кучайишини эслатиб, фуқароларни масъулиятли бўлишга чақирган.
Аввалроқ Нью-Йоркда бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароси 4,5 миллион долларлик юк ўғирлиги билан боғлиқ иш бўйича суд олдига чиққан эди. Шунингдек, АҚШнинг Огайо штатидаги Цинциннати шаҳрида айрим ўзбекистонликлар ноқонуний кўча пойгалари ва стадион ҳудудига рухсатсиз кириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан қўлга олинган.

Изоҳлар мавжуд емас