Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида ҳуқуқ фанидан тушаётган саволларнинг ҳаддан ташқари мураккаблиги ва белгиланган дастур чегарасидан чиқиб кетганлиги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Абитуриентларнинг фикрига кўра, Билимни баҳолаш агентлиги томонидан тузилаётган тестлар мактаб битирувчиларининг билим даражасига умуман мос келмайди.
Амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 35-бандига мувофиқ, кириш имтиҳонларидаги тест топшириқлари фақатгина умумий ўрта таълимнинг ўқув дастурлари асосида тузилиши белгилаб қўйилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Давлат таълим стандартлари талабларига кўра, тест топшириқлари ўқувчиларнинг қуруқ ёдлаш қобилиятини эмас, балки мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш ва мактабда олган билимларини қўллай олиш кўникмаларини баҳолашга қаратилган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда олий таълимнинг юқори босқич талабалари ёки амалиётчи мутахассисларга мўлжалланган манбаларни тест саволларига киритиш ман этилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатларда айтилишича, имтиҳон жараёнида абитуриентлардан Жиноят кодексидаги 300 дан ортиқ санкцияларни ёддан билиш, жиноятлар таснифини мукаммал топиш, шунингдек, Фуқаролик ва Оила кодексларининг энг майда деталларини аниқлаш талаб қилинган. Бундан ташқари, топшириқлар орасида мактаб дастуридан чиқиб кетилган ҳолда Олий суд Пленуми қарорлари ҳамда халқаро шартномаларга оид саволлар учраганлиги маълум қилинган.
Соҳа экспертлари ва педагогларнинг фикрича, 17 ёшли мактаб битирувчисидан амалиётчи ҳуқуқшунос даражасидаги билимни талаб қилиш тизимда жиддий адолатсизликни келтириб чиқарган. Ҳозирда жамоатчилик вакиллари Билимни баҳолаш агентлигидан тест дастурларининг аниқ меъёрий чегарасини белгилашни ҳамда саволларни абитуриентларнинг ёш ва билим даражасига тўлиқ мослаштиришни талаб қилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас