Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Журналист-аёл Агнешка Пикулицка Польшага учиб кетган. Ўзбекистон Ҳукумати уни давлатдан чиқариб юборган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Ёзилган хабарлар ва мадад учун ҳаммага ташаккур билдираман. Мен соғ-омон Польшага етиб келдим. Олинган психологик жароҳатнинг битиши учун менга вақт керак бўлади. Ўзбекистон ишлаш учун мураккаб давлат эканлигини доимо билганман. Лекин мен билан юз берган воқеа Каримов даврининг энг ёмон кунларини эслатади”, - дея ёзмоқда журналист аёл Twitterда.
Шунингдек, журналистнинг қўшимча қилишича, Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси унинг Ўзбекистондан чиқарилиб юбориш сабабини ҳанузгача айтмаган.
“Бу каби ҳаракатлар уларни халқаро ҳамжамият, хорижлик инвесторлар ва туристлар назарида нопрофессионал ва ишончсиз қилаётганини ТИВ тушуниб етаётганига умид қиламан”, - дея таъкидлади у.
Эслатиб ўтамизки, киришга қўйилган тақиқ ҳақида кеча маълум бўлган.
Пикулицканинг ҳикоя қилишича, у Ўзбекистондан Қозоғистонга борган. Чунки, Ўзбекистонда визасиз 30 кун бўлиш мумкин холос. Шу муддат тугагач, давлат ҳудудини бир муддат тарк этиш, “кирди –чиқди” амалиётини бажариш лозим. Аёл дарҳол қайтмоқчи бўлган, бироқ ўзбекистонлик чегарачилар сабабини тушунтирмасдан, уни киришга қўйишмаган. Натижада 7 ноябрьдан бошлаб, Пикулицка икки давлат ўртасида қолган. COVID-19 билан боғлиқ чекловлар туфайли Агнешка Қозоғистонга ҳам қайта олмаган.
"Озодлик" газетасининг ёзишича, 9 ноябрь куни эрта тонгда у "Жибек Жоли” – "Ғишт-Кўприк" назорат пунктидан олиб чиқилиб, Тошкент аэропортига олиб борилган ва у ердан мажбурий тартибда Туркияга учирилган. У ердан журналист Польшага учган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналистнинг мамлакатга киритилмагани ва Туркияга учишга мажбур қилингани сабабини ҳозирча изоҳламаган.
Илгари у ТИВнинг “Рустам” исмли ходимини тегажоқликда айблаб, Ўзбекистонда танилиб қолган эди.
Изоҳлар мавжуд емас