Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини оптималлаштириш доирасида тез тиббий ёрдам фельдшерлари ҳайдовчилик вазифаларини ҳам бажаради. Ҳукуматнинг айтишича, бу халқаро амалиёт ҳисобланади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Бу ҳақда кеча Шавкат Мирзиёев раислигида тез тиббий ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш фаолиятларини такомиллаштиришга бағишланган йиғилиш якунлари бўйича маълум бўлган.
Бугунги кунда мамлакатда 2695та шошилинч тиббий ёрдам бригадалари мавжуд. Уларнинг 500 тасида шифокорлар етмайди ва умуман олганда, соҳада 6 мингдан ортиқ шифокор ўриндошлик асосида ишлайди.
Халқаро тажрибага кўра, барча ҳолатларда ҳам чақирувга шифокорларнинг бориши шарт эмас. Шу муносабат билан чақирувларнинг мураккаблиги, долзарблиги ва турига қараб саралаш тизими жорий этилади.
“Бугунги кунда тез ёрдам бригадасига шифокор, фельдшер ва ҳайдовчи киради. Чет эл тажрибаси шуни кўрсатадики, тез ёрдам фельдшери бир вақтнинг ўзида ҳайдовчи ҳам ҳисобланади. Шунинг учун янги ўқув йилидан бошлаб фельдшерликка ўқиётган ёшларга машина ҳайдаш ўргатилади. Бунинг учун ҳайдовчилик мактаблари тиббиёт коллежларига бириктирилади", - дея таъкидлади президент матбуот- хизмати.
Бу билан ҳукумат нимага эришмоқчи бўлгани ноаниқ. Ҳайдовчилик лавозимининг қисқариши ҳисобидан фельдшернинг маошини кўтариш мумкин.
Фельдшер-ҳайдовчидан иборат тез ёрдам бригадаси беморнинг ҳаёти хавф остида бўлмаганида оддий чақирувларга бориши мумкин. Машинани ҳайдашни биладиган фельдшер эса янада мустақил бўлиб қолади ва баъзи ҳолларда чақирувларга ўзи чиқиш имкониятига эга бўлади. Шифокорлар бригадаси бемор ўлиши ёки оғир аҳволда бўлиши мумкин бўлган қийин ҳолатларга хизмат қилади.
Бироқ, бу ерда бир муаммо бор. Масалан, бу амалиётни жорий қилишга уринган россиялик мутахассисларнинг фикрича, мазкур янгиликни татбиқ этишдан маъно йўқ.
“Назаримда, фельдшерни машина ҳайдашга мажбур қилиш нотўғри. Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни қандай тасаввур қилаяпти? Фараз қилинг: фельдшер аввал машинага ёқилғи қўяди, тешилган балонни алмаштиради, моторнинг носозликларини тузатади ва беморга укол қилишга боради. Ахир бунда мантиқ йўқку?!”, - деди россиялик тез ёрдам шифокори Алексей Кудлаев.
Унинг айтишича, фельшдерларнинг аксарияти қизлар. Уларнинг катта машиналарни бошқариши ноқулайликларга сабаб бўлади.
“Ғарб давлатларида тез ёрдам машиналарини фельдшерлар бошқариши ҳақида шахсан мен эшитмаганман. Аксинча, Европа давлатларининг кўпчилигида тез ёрдам хизматига фақат профессионал, кўп йиллик тажрибага эга ва автомобилга техник хизмат кўрсата оладиган ҳайдоқчиларни олишади. У ерда тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси бўлиш осон эмас. Бизда эса нопрофессионалларни рулга ўтқизишмоқчи. Қолаверса, уларнинг вазифаси мутлақо бошқа, яъни даволашдир”,- дея таъкидлади у.
Изоҳлар мавжуд емас