Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Форс кўрфази мамлакатларининг Марказий Осиёга йўналтирган жами инвестициялари 2026 йилнинг биринчи ярмига келиб 31,1 миллиард долларга етди. Уларнинг асосий қисми Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади, минтақада энг тез ўсиш Ўзбекистонда кузатилган.
Евроосиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, 2020 йилдан 2026 йилнинг биринчи ярмигача Форс кўрфази давлатларининг Марказий Осиёдаги жамғарилган инвестициялари 3,4 бараварга кўпайган. Бу даврда уларнинг ҳажми 9,1 миллиард доллардан 31,1 миллиард долларга етган.
Инвестициялар ҳажми бўйича Туркманистон 14,4 миллиард доллар билан биринчи ўринда турибди. Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич 25 баравардан зиёд ўсиб, 11,3 миллиард долларга етган. Қозоғистонга киритилган инвестициялар 5,3 миллиард долларни ташкил қилган.
Минтақага киритилаётган сармояларнинг асосий қисми Бирлашган Араб Амирликлари ҳиссасига тўғри келади. 2026 йилнинг биринчи ярмида БААнинг Марказий Осиёдаги жами инвестиция портфели 20,6 миллиард долларга етган. Саудия Арабистонининг инвестициялари 6,5 миллиард доллар, Қатарники эса 3,1 миллиард долларни ташкил қилган.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири энергетика соҳаси ҳисобланади. Хусусан, Форс кўрфази давлатларининг электр энергетикасига йўналтирган жамғарилган инвестициялари 10,5 миллиард долларга етган. Бу маблағларнинг катта қисми қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаларига тўғри келади.
Ўзбекистонда ҳам Masdar, ACWA Power ва бошқа хорижий компаниялар иштирокида қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, БААнинг йирик логистика оператори DP World 2026 йил октябрь ойида Тошкент яқинида йирик қуруқ порт қурилишини бошлаган.
Лойиҳа доирасида "А" тоифасидаги омборхоналар ва контейнер майдонлари барпо этилади. Мажмуа йилига 150 мингта 20 футлик контейнерни қабул қилиш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлиши режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги қўшма лойиҳалар портфели 27 миллиард долларга етган. Саудиянинг йирик энергетика компанияси ACWA Power республикада 15 миллиард долларлик қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Бу лойиҳа Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш, юк ташиш харажатлари ва логистика муддатларини қисқартиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Савдо алоқалари ҳам кенгаймоқда. 2020–2025 йилларда Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб тўрт бараварга ошиб, 1 миллиард доллардан 3,9 миллиард долларга етган. Ўзбекистон минтақадаги энг йирик савдо ҳамкорига айланган. 2025 йилда мамлакатнинг Форс кўрфази давлатлари билан товар айланмаси 1,75 миллиард долларни ташкил қилган.
Евроосиё тараққиёт банки ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга қадар Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги савдони яна 4,9 миллиард долларга ошириш имконияти мавжуд.
Бунинг учун транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика харажатларини камайтириш ва савдо тартибларини соддалаштириш муҳим омиллар сифатида қайд этилган.

Изоҳлар мавжуд емас