Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида талабалар ижарада яшаётган хонадонларда ўтказилган тунги рейд видеолари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Кадрларда ёнғин хавфсизлиги талабларига зид ҳолатлар билан бирга талабаларнинг яшаш шароити ва хонадондаги тозалик ҳам танқид қилинган. Айниқса, масъул ходимнинг "тозаликни ўрнатиш учун ҳеч қандай пул керак эмас" деган гапи фойдаланувчилар эътирозига сабаб бўлди.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Зуҳриддин Қурбонов маълум қилишича, 8 ноябрь куни Мирзо Улуғбек туманида еттита олий таълим муассасасида таҳсил олаётган талабалар истиқомат қиладиган хонадонларда тунги рейд ўтказилган. Тадбирдан мақсад ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириш бўлган.
Тақдим этилган видеоларда айрим хонадонларда газ қувурларининг пластик қисмлар билан улангани, электр кабеллари ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда хавфли ҳолатлар мавжудлиги кўрсатилган. Бу, албатта, эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган масала. Чунки ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги талабаларнинг ўз ҳаётидан ташқари, атрофдагилар хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.
Бироқ видеолардаги бошқа жиҳатлар ҳам саволлар туғдирмоқда. Масалан, масъул ходим хонадондаги тозаликни кўрсатиб, қизлар яшайдиган жойда озодалик бўлишини таъкидлайди. У ҳатто бўйдоқ йигитларга уйланишни тавсия қилиб, шунда уларнинг уйида ҳам тозалик бўлишини айтади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса бу гапларни бирдек маъқулламаган. Муҳокамаларда ФВВ ходимлари рейднинг асосий мақсади — ёнғин хавфсизлигини текширишдан четга чиққани, талабаларнинг шахсий турмуш тарзига баҳо бериш ўрнига уларнинг хавфсизлиги ва яшаш шароитига эътибор қаратиши кераклиги ҳақида фикрлар билдирилган.
Тозалик учун пул кетмайдими ёки шароит яратиш ҳам керакми?
Масъул ходим видеода тозаликни сақлаш учун ҳеч қандай пул ва сарф-харажат талаб қилинмаслигини айтади. Бир қарашда, бу гап тўғри: озодаликка риоя қилиш ҳар бир инсоннинг шахсий масъулияти. Аммо талабаларнинг яшаш шароитини ҳисобга олмасдан бу масалага бир томонлама баҳо бериш қанчалик адолатли?
Тошкентда йигит талабалар учун ижарага уй топишнинг ўзи муаммо. Топилган хонадонларда эса кўпинча бир хонада уч-тўрт нафар талаба яшашига тўғри келади. Кийим-кечак учун биттагина шкаф, чекланган маиший шароитлар ва санитария имкониятларининг талаб даражасида эмаслиги ҳам учрайди.
Шундай шароитда талабалардан идеал тартиб талаб қилишдан олдин уларнинг қандай шароитда яшаётганига ҳам қараш керак эмасми? Уй-жой бозорида ижара нархлари юқори бўлган бир пайтда талабаларнинг муносиб шароит топиш имконияти ҳам чекланган.
Албатта, бу талабаларни ўзидан кейин йиғиштирмаслик ёки тозаликка риоя қилмасликда оқлаш дегани эмас. Аммо масъулият фақат талабалар зиммасига юкланмаслиги керак. Уларнинг яшаши учун қандай шароит яратилаётгани, ижара уйларининг санитария ҳолати ва хавфсизлиги ҳам муҳокама қилиниши лозим.
Тозалик фақат аёлларнинг вазифасими?
Иккинчи видеода масъул ходим қизлар истиқомат қиладиган ётоқхонада тозаликни кўрсатиб, бўйдоқ йигитларга уйланишни тавсия қилади. Бу гап ҳам алоҳида эътирозларга сабаб бўлиши мумкин.
Жамиятда гендер тенглиги, эркак ва аёлнинг тенг масъулияти ҳақида гапирилаётган бир пайтда уйдаги озодаликни аёлнинг бор-йўқлиги билан боғлаш қанчалик тўғри? Эркак киши ҳам ўз уйини тоза тутиши, идиш-товоқ ювиши ва маиший юмушларни бажариши мумкин. Тозалик жинсга эмас, инсоннинг тарбияси ва масъулиятига боғлиқ.
Рейд видеоларини оммага тарқатиш шартмиди?
Яна бир муҳим масала — талабалар яшайдиган хонадонларни видеога олиб, бу кадрларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш зарурати борми?
Ҳатто талабаларнинг юзи беркитилган тақдирда ҳам, уларнинг шахсий ҳаёти ва шаънига дахл қилувчи маълумотларни оммага тақдим этиш масаласи очиқ қолади. Ёнғин хавфсизлиги бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш, талабаларга тушунтириш бериш ва зарур чораларни кўриш мумкин эди. Тозалик бўйича эътирозлар бўлса, уларни хонадондагиларга алоҳида айтишнинг имкони ҳам бор эди.
ФВВнинг вазифаси — ёнғинларнинг олдини олиш, хавфли ҳолатларни аниқлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш. Талабаларга қандай яшашни ўргатиш ёки уларнинг шахсий турмуш тарзига баҳо бериш эмас.
Хавфсизликни таъминлаш учун ўтказилган рейднинг ўзи жамоатчиликда бошқа саволларни туғдирмаслиги керак. Талабалардан тартиб ва озодалик талаб қилинаётган экан, уларга муносиб ва хавфсиз яшаш шароитини яратиш масаласи ҳам четда қолмаслиги лозим.

Изоҳлар мавжуд емас