Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистон президенти Садыр Жапаров Марказий сайлов комиссиясига давлат раҳбари лавозимига номзодини кўрсатиш тўғрисида ариза топширди. У 2027 йилги президентлик сайловларида ўзини ўзи номзод қилиб кўрсатиш тартибида иштирок этмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенеши мамлакатда навбатдаги президентлик сайловини 2027 йил 27 январда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганди.
Комиссия маълумотига кўра, шу санага қадар президентликка номзодларни илгари суриш бўйича олтита ариза келиб тушган. Улар орасида Садыр Жапаровдан ташқари Аймен Касенов, Азамат Эсенбеков, Сыймык Жапыкеев, Акай Қидиров ва Исҳоқ Масалиев ҳам бор.
Садыр Жапаров Қирғизистон президенти этиб биринчи марта 2021 йил 10 январдаги муддатидан олдинги сайловда сайланган. У 28 январь куни расман лавозимга киришган. Ўша пайтда мамлакатда 2010 йилги Конституция амал қилган ва президентлик муддати олти йил этиб белгиланган.
Қирғизистоннинг амалдаги Конституциясига кўра, президент беш йил муддатга сайланади ва бир шахс икки муддатдан ортиқ президент этиб сайланиши мумкин эмас. Бу талаб Конституциянинг 67-моддасида белгиланган.
Бироқ Садыр Жапаровнинг амалдаги президентлик муддати олти йиллик бўлгани сабабли, унинг кейинги сайловда иштирок этиш ҳуқуқи юзасидан саволлар пайдо бўлган. 2026 йил 17 февралда Қирғизистон Конституциявий суди ушбу масалага расмий изоҳ берган.
Суд 2021 йилда бошланган олти йиллик президентлик муддати ўз давомийлигини сақлаб қолишини, бироқ икки муддатлик чекловни қўллашда биринчи муддат сифатида ҳисобланишини белгилаган.
Шундай қилиб, Жапаров 2027 йилги сайловда ғалаба қозонса, бу унинг президентликдаги иккинчи муддати бўлади. Амалдаги қонунчилик эса унга яна бир марта — жами икки муддат президент бўлишга рухсат беради. Номзодларни илгари суриш 2026 йил 13 ноябрга қадар давом этади.

Изоҳлар мавжуд емас