Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда коронавируснинг юқиши жуда ошган. Бу ҳақиқатан ҳам яхши вазият эмаслиги хусусида Зангиота биринчи ихтисослашган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонаси директорининг ўринбосари Ҳилола Алимова айтиб ўтган.
"Охирги пайтда касалланганлар орасида 18 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар, шунингдек, 30 ёшдан 40 ёшгача бўлган меҳнатга лаёқатли кишилар кўплаб учрамоқда. Бу ёшларнинг санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилмаслигидан дарак беради. Катта ёшлилар орасида реанимацияга тушаётганларнинг аксарияти эмлашдан бош тортганлардир", - деди у "Ўзбекистон 24" телеканали эфири давомида.
Алимованинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча кун ичида касалланиш, касалхонага ётқизиш ва оғир беморлар сони кескин ошган.
"Ой бошида бир кунда 40-50 нафар бемор касалхонага ётқизилган бўлса, бугунги кунда бу 140-150 кишини ташкил этмоқда. Бу албатта, яхши вазият эмас ва одатда бунга битта оила беморлари ёки бир хил тадбирларда- туғилган кунлар, тўйларда иштирок қилганлар киради. Мазкур вируснинг юқиш даражаси жуда баланд", - деди у.
Енг ёмони, бу касалликка ҳомиладор аёллар ҳам дучор бўлмоқда. Зангиотада 800дан ортиқ ҳомиладор аёл даволаниб, ҳозирда 95га яқини бўлажак фарзандларининг саломатлиги учун курашмоқда.
Эслатиб ўтамизки, яқинда Ўзбекистонда эмланадиганлар қамрови оширилди. Энди 50 ёшга кирганлар ва ундан юқорилар эмланиши мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас