Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон ҳукумати давлат аппарати харажатларини мақбуллаштиришга қарор қилган. Эндиликда давлат идоралари ва ташкилотларини ижара асосида хусусий шахсларга тегишли биноларда жойлаштириш мумкин бўлади. Бу ҳақда Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
Бу президентнинг "Хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида назарда тутилган.
Мирзиёев икки ой мобайнида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида бино ва иншоотлар қурилишини оптималлаштириш билан тадбиркорлик субъектлари биноларига давлат органлари ва ташкилотларини ижара асосида жойлаштириш тизимини кенг жорий этиш чораларини кўришга кўрсатма берган.
Дастлабки босқичда Тошкентнинг Олмазор, Миробод ва Яккасарой туманларидаги давлат идоралари ва ташкилотлари жойлашган ер участкалари, бино ва иншоотларни хатловдан ўтказиш, уларнинг майдонларини танқидий кўриб чиқиш ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун тадбиркорлик субъектларига ажратиш мақсадида оптималлаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш режалаштирилган.
Бутун жараённи Бош вазир ўринбосари Жамшид Қучқоров бошчилигидаги ер, бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича махсус ташкил этилган Ишчи гуруҳи бошқариб боради.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас