Загрузка
Загрузка
Андижон аэропортида йўловчилар оқими 8 баробардан зиёд ошди. Ўзбекистон аэропортларида ҳолат қандай?
Жамият

Андижон аэропортида йўловчилар оқими 8 баробардан зиёд ошди. Ўзбекистон аэропортларида ҳолат қандай?

132
Загрузка
Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон аэропортларида йўловчилар оқими 13 фоизга ўсган бўлса-да, ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар бир-биридан фарқ қилди. Энг юқори ўсиш Андижонда қайд этилди — йўловчилар сони 8,7 баробарга кўпайди. Наманган ва Қаршида эса оқим қисқарган. Навоийда йўловчилар камайганига қарамай, аэропортнинг юк ташиш ҳажми ошган.

Uzbekistan Airports маълумотларига кўра, тўққиз ойда мамлакат аэропортлари 12,66 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоиз кўп. Жами авиақатновлар сони 102 836 тани ташкил этиб, 10 фоизга ошган.

Ҳудудлар орасида энг катта ўсиш Андижон аэропортида кузатилган. Бу ерда йўловчилар оқими 772 фоизга ошиб, 161,4 минг нафарга етган. Авиақатновлар сони эса 440 фоизга кўпайиб, 1 296 тани ташкил қилган. Компания бу кескин ўсишни ўтган йилги паст база билан изоҳлаган: аэропорт аэродром мажмуасидаги кенг кўламли реконструкциядан кейин 2025 йил 20 мартда қайта иш бошлаган ва ўтган йилнинг таққосланаётган даврида тўлиқ қувватда ишламаган.

Термиз аэропортида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган. Йўловчилар сони 48 фоизга ошиб, 339,7 минг нафарга етган. Компания буни "Умра" дастури доирасидаги ташувлар кенгайиши ва Flyadeal авиакомпанияси парвозлари бошлангани билан боғлаган. Ҳаж ва зиёрат сафарлари нархининг нисбатан қулайлиги қўшни давлатлардан ҳам йўловчиларни жалб қилган.

Урганчда йўловчилар оқими 18 фоизга ўсиб, 724,4 минг нафарни ташкил этган. Нукусда эса ўсиш 17 фоиз бўлиб, 285,2 минг йўловчига хизмат кўрсатилган. Компания бу ҳудудлардаги ижобий динамикага янги халқаро йўналишлар очилиши ҳам таъсир қилганини билдирган.

Тошкент аэропорти мамлакатдаги энг йирик авиаузел бўлиб қолмоқда. Пойтахт аэропорти тўққиз ойда 8,49 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоиз кўп. Авиақатновлар сони эса 7 фоизга ошиб, 62 482 тани ташкил этган.

Айрим аэропортларда эса йўловчилар оқими камайган. Наманганда кўрсаткич 16 фоизга қисқариб, 497,6 минг нафарни ташкил этган. Қаршида эса пасайиш 22 фоиз бўлиб, аэропорт 105,5 минг йўловчига хизмат кўрсатган. "Uzbekistan Airports" бунга йўналишлар тармоғи ва айрим йўналишлардаги талаб ўзгариши, шунингдек, авиакомпанияларнинг геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда парвоз жадвалларини қайта кўриб чиқиши таъсир қилганини айтган.

Навоий аэропортида йўловчилар оқими 22 фоизга камайиб, 27,4 минг нафарни ташкил этган. Бироқ авиақатновларнинг умумий сони 14 фоизга ошган. Компания буни аэропортда юк ташишга ихтисослашув кучайгани билан изоҳлаган: йўловчи рейслари қисқарган бир пайтда юкларни қайта ишлаш ҳажми ўсган.

Бухорода йўловчилар сони 1 фоизга камайиб, 407,4 минг нафарни ташкил этган. Айни пайтда ҳудудда янги халқаро аэропорт қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Компания ушбу лойиҳа йўловчиларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш ва туризмни ривожлантириш учун инфратузилма яратишга қаратилганини билдирган.

Айрим ҳудудларда авиақатновлар камайган бўлса-да, йўловчилар сони ўсган. Фарғона аэропортида рейслар 11 фоизга қисқарган, бироқ йўловчилар оқими 5 фоизга ошиб, 511 минг нафарга етган. Самарқандда эса авиақатновлар 2 фоизга камайган, йўловчилар сони 1,11 миллион нафар атрофида сақланиб, ўтган йилги даражада қолган.

Бундан ташқари, мамлакат аэропортларида юк ва почта ташиш ҳажми ҳам ўсган. Тўққиз ойда 84,8 минг тонна юк қайта ишланган — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоиз кўп. Унинг асосий қисми Тошкент аэропорти ҳиссасига тўғри келган: пойтахт аэропорти 78,9 минг тонна юкка хизмат кўрсатган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...