Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида 2026 йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ иккита ҳолат қайд этилди. Санитария-эпидемиология хизмати маълумотига кўра, февралда заҳарланиш кузатилган бешта боғчадан фақат биттасида ҳодисадан олдин режали текширув ўтказилган. Октябрдаги ҳолатда эса болалар заҳарланган учта боғчанинг барчаси аввал текширилган, аммо уларда санитария талаблари бузилгани аниқланган.
Санитария-эпидемиология хизмати матбуот котиби Нурмат Отабеков Batafsil.uz мухбири сўровига жавобан маълум қилишича, 2026 йил 29 октябрь ҳолатига кўра, вилоятда болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ иккита ҳолат қайд этилган.
Биринчи ҳолат 23 февраль куни Фарғона шаҳридаги 2-, 22-, 58-, 61- ва 63-сонли давлат боғчаларида содир бўлган. Ушбу муассасаларга GARDEN CATERING TRADE компанияси қўшма корхонаси тайёрлаган овқатлар етказиб берилган.
Идора маълумотига кўра, ҳодисадан олдин бешта боғчадан фақат 58-сонли муассасада режали санитария-гигиеник текширув ўтказилган. Қолган тўртта боғчани текшириш тасдиқланган йиллик режа бўйича кейинги муддатларга белгиланган.
Бу ҳолат болаларнинг кундалик овқатланишини ташкил этадиган муассасаларда санитария назорати қай даражада ўз вақтида амалга оширилаётгани ҳақида савол туғдиради. Заҳарланиш содир бўлган бешта боғчадан тўрттаси ҳодисадан олдин текширилмаган.
Иккинчи ҳолат 2026 йил октябрь ойида Фарғона шаҳридаги 2-, 7- ва 47-сонли давлат боғчаларида қайд этилган. Бу сафар учала муассасада ҳам болалар заҳарланишидан олдин санитария-гигиеник текширувлар ўтказилган.
Бироқ текширувлар санитария талабларига тўлиқ риоя этилмаётганини кўрсатган.
2-сонли боғчада 13–14 август кунлари ўтказилган текширувда болалар эрталабки тиббий фильтрдан ўтказилмагани, хоналарда намли тозалаш етарли даражада бажарилмагани, зарарсизлантирувчи воситалардан фойдаланишда камчиликлар борлиги аниқланган. Шунингдек, ошхона жиҳозларидан белгиланган тартибда фойдаланиш ва тухумларни ювиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат етарли бўлмаган.
7-сонли боғчада 3–4 апрель кунлари ўтказилган текширувда касаллик аниқланган тарбияланувчиларни соғломлаштириш ишлари тўлиқ бажарилмагани, болаларни гуруҳларга қабул қилишда эрталабки фильтр ўтказилмагани, хоналарни намли тозалаш ва ўйинчоқларни ювиш талаблари бузилгани қайд этилган.
47-сонли боғчада эса 10–11 июнь кунлари ўтказилган текширувда айрим гуруҳларда болалар шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаётгани, эрталабки фильтр ва тозалаш ишларини ташкил этишда камчиликлар борлиги аниқланган.
Расмий жавобга кўра, ҳар учала муассасада аниқланган камчиликлар бўйича масъул ҳамшираларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жарималар қўлланган.
Бироқ бу чоралар кейинчалик заҳарланиш ҳолатининг олдини олиш учун етарли бўлган-бўлмагани ҳақида саволлар очиқ қолмоқда. Идора жавобида текширувларда аниқланган камчиликлар бартараф этилгани ва уларнинг ижроси қандай назорат қилингани ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган.
Февраль ойидаги заҳарланишдан кейин GARDEN CATERING TRADE корхонаси қўшма корхонасида санитария-эпидемиологик текширув ўтказилган. Расмий жавобда текширув натижалари бўйича аниқланган камчиликлар сабаб корхона фаолияти вақтинча тўхтатилгани ва тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилгани айтилган.
Шунингдек, корхона фойдаланишга расман қабул қилинмаган бўлса-да, фаолият юритгани аниқланган.
Санитария-эпидемиология хизмати қайд этилган ҳолатлар боғчалар ва уларга тайёр овқат етказиб берувчи корхоналар устидан профилактик назоратни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатишини билдирган.
Идора келгусида санитария назоратини кучайтириш, хавф юқори бўлган муассасаларда текширувларни такомиллаштириш, овқатни тайёрлаш, сақлаш ва ташиш жараёнларини назорат қилиш, боғчалардаги бракераж комиссиялари фаолиятини яхшилаш ҳамда аниқланган камчиликлар бартараф этилишини назорат қилиш каби чораларни белгилаган.
Шунингдек, болалар заҳарланган ҳар бир ҳолат бўйича профилактик тадбирлар, текширувлар ва кўрилган чораларни таҳлил қилиш, зарурат бўлса, масъул ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш назарда тутилган.
Бундан ташқари, идора болалар заҳарланишининг бевосита сабаблари ва муайян шахслар ёки ташкилотларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо тегишли текширувлар ҳамда расмий хулосалар асосида белгиланишини таъкидлаган.
Шундай қилиб, расмий жавоб икки муҳим муаммони кўрсатмоқда: февралда заҳарланиш содир бўлган бешта боғчадан тўрттаси ҳодисадан олдин текширилмаган, октябрда эса аввал текширув ўтказилган учта боғчада ҳам санитария талабларига риоя этилмаган. Энди асосий масала — аниқланган камчиликлар нега болалар саломатлигига хавф туғдирувчи ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмагани ва назорат тизимидаги муаммолар қандай бартараф этилишида.

Изоҳлар мавжуд емас