Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатда ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилашга қарийб 6,3 триллион сўм ҳамда Халқаро молия институтлари томонидан 350 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Мазкур маблағлар ҳисобидан ҳудудларда 4 минг километр ичимлик, 522 километр оқова сув тармоқлари ҳамда 311 та тегишли иншоот фойдаланишга топширилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида республика бўйича 84 та маҳаллада яшовчи 207 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланган, яна 1,8 миллион кишининг сув таъминоти яхшиланган.
Шунингдек, 153 минг нафар фуқаро илк бор оқова сув хизматига уланди. 9 ойлик якунларига кўра, мамлакатда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 83,3 фоизга, оқова сув қамрови эса 22,1 фоизга етказилган.
Мавсумга тайёргарлик ва тизимни рақамлаштириш доирасида 3 115 километр сув тармоқлари ҳамда 1 650 та насос ускуналари таъмирланиб, авария-тиклаш бригадалари фаолияти кучайтирилган режимга ўтказилган.
Бундан ташқари, соҳада "Сув диспетчер" янги рақамлаштирилган дастури жорий этилиб, ушбу тизимнинг ҳудудлардаги қамрови 88 фоизга етказилган.

Изоҳлар мавжуд емас