Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида маҳаллий ҳокимликлар қабул қилган ҳужжатларнинг 29 фоизи очиқланмаган ёки "хизмат доирасида фойдаланиш учун" грифи билан расмийлаштирилган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мониторинги натижасида 771 та ҳужжат асоссиз равишда ёпиқ сақлангани аниқланган. Batafsil.uz мухбири нима учун қарорлар ёпиқ ҳолда эълон қилинаётгани юзасидан агентликка сўров юборди.
Бу ҳолатлар бўйича уч нафар раҳбар ишдан бўшатилган, яна икки нафар мансабдорга ҳайфсан берилган.
Агентлик матбуот котиби Шерзод Сапаров маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида маҳаллий ҳокимликлар жами 128 174 та ҳужжат қабул қилган. Уларнинг 90 859 таси ёки 71 фоизи очиқланган. Қолган 37 315 та ҳужжат — 29 фоизи ёпиқ сақланган ёки "хизмат доирасида фойдаланиш учун" грифи асосида қабул қилинган.
Шунга қарамай, ёпиқ ҳужжатлар улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга камайган.
E-qaror тизимида ўтказилган мониторинг давомида 771 та ҳужжат асоссиз равишда ёпиқ мақомда сақлангани аниқланган. Уларни очиқлаш бўйича ҳокимликларга 53 та тақдимнома киритилган ва натижада ушбу ҳужжатларнинг очиқланиши таъминланган.
Агентлик тақдимномалари асосида асоссиз равишда ҳужжатларни ёпиқ сақлаган мансабдорларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказилган. Натижада уч нафар раҳбар лавозимидан озод этилган, икки нафарига ҳайфсан берилган. Яна 96 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилган.
Шунингдек, агентликда давлат идораларида коррупцияга қарши ички назорат — комплаенс йўналиши учун масъул раҳбар ва ходимларни аттестациядан ўтказиш жараёни ҳам давом этмоқда.
Агентлик маълумотига кўра, ҳозиргача 736 нафар номзоднинг назарий билими тест синовлари орқали баҳоланган, улардан 526 нафари суҳбат босқичидан ўтган. Аттестациянинг суҳбат босқичи тасдиқланган режа-жадвал асосида давом эттирилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас