Загрузка
Загрузка
Артём Халиковга нисбатан иш тўхтатилди — онаси баёнот берди
Жамият

Артём Халиковга нисбатан иш тўхтатилди — онаси баёнот берди

31
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида яшовчи 18 ёшли Артём Халиковга нисбатан қўзғатилган жиноят иши вақтинча тўхтатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда унинг онаси ижтимоий тармоқларда тарқатилган янги видео мурожаатида хабар берган. 

Унинг айтишича, турли давлат идораларига қилинган кўплаб мурожаатлар ва жамоатчилик эътиборидан сўнг ишни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган. 

"Ўғлимга нисбатан ишни тўхтатишди. Лекин бу қарор юқоридан берилган кўрсатма асосида қабул қилинганини айтишди", дейди у. 

Она шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳаракатлари юзасидан қилган шикояти бўйича ҳам жавоб олганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, текширув давомида унга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани тасдиқланган. 

"Бошимга урилгани ва бўғишгани тасдиқланди. Камера ёзувлари кўриб чиқилган ва ходимларнинг мени ургани аниқланган. Мени ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳужум қилган деган айбловлар бўйича тўлиқ оқлашди", дейди у. 

Мурожаат сўнгида аёл Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага, Президент Шавкат Мирзиёевга ҳамда оиласини қўллаб-қувватлаган барча фуқароларга миннатдорлик билдирган. 

Бу воқеа қандай бошланган эди? 

Мазкур ҳодиса жорий йил апрель ойи охирида катта жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. 

Артём Халиков видео мурожаат орқали патруль-пост хизмати ходими 14 ёшли қиз ва унинг дугонасини шаҳар ташқарисига олиб кетганини иддао қилган. Унинг сўзларига кўра, ёшлар қизларни қидириш учун чиққан ва Оҳангарон ҳудудида автомобилни топган. Кейинчалик бу ҳақдаги видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган. 

Бироқ Тошкент вилояти ИИББ ўтказилган текширув натижалари мазкур версияни тасдиқламаганини маълум қилгвн. Расмий идора маълумотига кўра, қизлар автомобилга ўз ихтиёри билан ўтирган, воқеа эса шахсий адоват туфайли уюштирилган саҳналаштириш сифатида баҳоланган. 

Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Артём Халиковнинг узр сўраган видеосини ҳам эълон қилган. 

Артём Халиков маъмурий жавобгарликка тортилиб, 7 суткага қамалган. Аммо жазо муддати тугагач, унинг онаси ўғлини озод қилишмаганини ва унга нисбатан янги айбловлар қўйилганини маълум қилган. 

Унинг сўзларига кўра, ўғлига нисбатан босим ўтказилган, адвокат билан учрашиш имкони берилмаган ва тергов жараёнида қонунбузилишларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. 

Шунингдек, аёл кейинчалик ўғлига нисбатан товламачилик бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилганини билдирган. 

Шундан кейин у прокуратура, Омбудсман, Саида Мирзиёева ҳамда мамлакат раҳбариятига бир қатор мурожаатлар йўллаган. 

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Артём Халиковга нисбатан ишнинг тўхтатилгани ҳақида расмий баёнот берилмаган. Шу сабабли ишнинг ҳақиқий процессуал мақоми бўйича аниқ маълумот ҳозирча мавжуд эмас.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...