Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Қашқадарёдаги мактаб директори қўл остидагилари билан таълим муассасасида спиртли ичимлик истеъмол қилаётганини акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган. Бу ролик ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлган. Фойдаланувчиларни ўзини шундай тутадиган инсонларга фарзандлар тарбиясини қандай топшириш мумкинлиги ғазаблантирган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Севимли” телеканали “Замон” ахборот кўрсатуви маълумотларига кўра, бу воқеа Чироқчи тумани 67-сонли умумтаълим мактабида содир бўлиб, видеода мактаб қоровулхонасида юз берган воқеа акс этган.
“Мактаб ҳовлисида бировни кутиб турганимда, қоровулхонадан келаётган бир овозни эшитиб қолдим. Ичкарига кирсам, директор, кадрлар бўйича мутахассис, қоровул ва чилангар ароқ ичаётганига гувоҳ бўлдим. Бу тахминан август ойининг 15 санасида юз берди”, - деди бу воқеага гувоҳ бўлган директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, 1 октябрь куни директор уни қаттиқ хафа қилган. Байрам кайфиятини бузмаслик учун ўринбосар ушбу видеони 5 октябрь куни тармоққа қўйган.
Айни пайтда туман халқ таълими бўлими бу ҳолатни кўриб чиқмоқда, директор эса ишдан бўшаган.
Собиқ директорнинг сўзларига кўра, видеода айнан спиртли ичимликлар истеъмол қилинаётганининг исботи йўқ. Унинг айтишича, видеога тушган шишада сирка бўлган. Қолаверса, директорнинг таъкидлашича, ўринбосарнинг ўзида ҳам айб бор. Республика текшируви натижаларига кўра, ўринбосарга нисбатан далолатнома тузилиб, у жаримага тортилган. Шундан сўнг, ўринбосар бу далолатноманинг тузилишида директорнинг қўли борлигига шубҳа қилиб, видео орқали қасос олишга қарор қилган.
Изоҳлар мавжуд емас