Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Айрим мактабларнинг биринчи синф ўқувчиларига президент совғаси берилмаган, айримларида эса ўқув анжомлари тўлиқ бўлмаган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган бу ҳақдаги хабарни Халқ таълими вазирлиги тасдиқлаган. ХТВ маълумотларига кўра, бунга пандемия туфайли ўқув йили бошланишидан олдин ҳужжатларни топширишга кечиккан биринчи синф ўқувчиларининг ота-оналари сабабчи бўлган. Бу эса ўз навбатида, ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва совғаларни ўз вақтида етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарган.
Шу муносабат билан, ХТВ ота-оналардан вазиятни тушунишни сўраб, бир ҳафта ичида ҳар-бир бола учун совғаларни етказиб бериш, шунингдек, етишмаётган анжомларни тўлдиришга ваъда берди.
Эслатиб ўтамизки, бу йил 650 мингга яқин биринчи синф ўқувчиларига президент совғаси топширилади. Унда 12 та ўқув анжомлари, жумладан, портфель, дафтарлар, альбом, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, рангли ва оддий қаламлар, шарикли ручка, пластилин, елим ва ўчирғич мавжуд.
Изоҳлар мавжуд емас