Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Баҳорнинг илк кунлари илиқ ва қуёшли бўлади. 1 ва 2 март кунлари ҳарорат кўп йиллик кўрсаткичларга нисбатан 8 -10 градусга ошади ва 20-23 градусгача етади. Бу тўғрисида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Метереологлар тугаётган қишки мавсум натижаларини сарҳисоб қилишди. Жорий йилнинг қиш ойлари аввалги йиллардек каби илиқ кечди: асосан ёмғир ёғиб, вақти-вақти билан қорга айланди. Барқарор қор қоплами фақат республикамизнинг тоғли ҳудудларида кузатилди.
Ҳаво ҳароратининг 2-7 даражагача совуқ бўлиши камдан-кам кузатилди. Шу билан бирга, ҳарорат айрим пайтлар 15-20 даражагача ва ундан юқорига кўтарилиб, Ўзбекистонликларга баҳор шукуҳини эслатиб турди.
Тақвимий баҳор ҳам шу йўналишни давом эттириб, қуёшли ва жуда илиқ об-ҳаво билан бошланади. 1-2 мартда кундузги ҳарорат 20-23 даражагача кўтарилади, бу эса ўртача кўп йиллик қийматлардан 8-10 даража юқори ҳисобланади.
“Ўзгидромет” вакиларининг айтишича, 3 март куни Ўзбекистон ҳудудининг аксарият қисмида илиқ ва қуруқ ҳаво сақланиб туради. 4-5 март кунлари салқин ва нам ҳаво оқимининг кириб келиши муносабати билан ҳарорат фони пасаяди ҳамда айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Аммо, баҳор ойининг биринчи ўн кунлигида об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари бўлмайди.
Шундай бўлсада, март ойи жуда беқарор ой саналади. Март ойига ҳаво оқими йўналишларининг тез-тез ўзгариб туриши хосдир. Шунинг учун иссиқ ҳаволи давр совуқ билан алмашиб туради. Ҳаво оқимлари алмашинуви нам билан биргаликда келиб, беқарор об-ҳаво ва ёмғирларга сабаб бўлади. Ўзбекистонда март ойи энг кўп ёғингарчилик кузатиладиган даврдир. Шимолий ҳудудлар ва чўл зонаси ҳисобга олинмаса, мартда 10 кундан 15 кунгача ёғингарчилик кунлари кузатилади. Айрим пайтлар ёмғир қорга айланиб, салбий даражагача ҳавонинг кескин совуқ бўлиши ҳолатлари юз берган.
Изоҳлар мавжуд емас