Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида (ЎзРТХБ) ўтган ҳафтада пахта ёғи нархининг кескин пасайиши кузатилди. 22–28 июнь кунлари ўтказилган савдолар давомида барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархи бир тонна учун 17 миллион 904,5 минг сўмдан 10 миллион 351,2 минг сўмгача, яъни қарийб 42 фоизга арзонлашди.
Ушбу давр мобайнида биржа савдолари орқали жами 1 892 тонна пахта ёғи сотилган бўлиб, кунлик ўртача сотув ҳажми 378 тоннани ташкил этган. Савдо жараёнларида ҳар куни ўртача 8 нафар харидор иштирок этган. Умуман олганда, ўтган ҳафта давомида биржанинг барча савдо платформаларида жами 51 392 та битим имзоланган.
Пахта ёғи билан бир қаторда, пахта толаси нархларида ҳам пасайиш тенденцияси кузатилган. Ҳафта давомида биржа савдоларига 37 641 тонна пахта толаси қўйилиб, ундан 14 635 тоннаси (қўйилган ҳажмнинг 38,9 фоизи) сотилган. Толанинг кунлик ўртача сотув ҳажми 2 927 тоннадан тўғри келган. Нархлар эса барча навли пахта толаси учун бир тоннага 21 миллион 872,6 минг сўмдан 20 миллион 597,1 минг сўмгача пасайди. Бу йўналишдаги савдоларда ҳам ҳар куни ўртача 8 нафар харидор иштирок этган.
Аввалроқ аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентнинг ПҚ–130-сонли янги қарори қабул қилинганди. Унга кўра, гўшт маҳсулотлари нархини барқарор сақлаш учун тадбиркорларга бюджетдан вақтинчалик субсидиялар ажратилади.

Изоҳлар мавжуд емас