Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугун Green Card лотереяси бошланади. Ташкилотчилар аризани охирги кунларга қолдирмасликни тавсия қилишмоқда. Аризалар 8 ноябрь кунига қадар қабул қилинади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Green Card лотереяси - АҚШ Давлат департаментининг йиллик дастури ҳисобланади. Ғолиблар грин карта, яъни Америка Қўшма Штатларининг доимий яшовчиси мақомини берувчи ва шахсни тасдиқловчи картани олиш имкониятига эга бўладилар. Улар оила аъзолари билан АҚШга кўчиб кетиши мумкин бўлади. Жами 55 мингтагача грин-карта ўйналади.
Ютганларга автоматик равишда грин-карта берилмайди. Ғалабадан сўнг, ҳужжатларни тўплаш ва уларни таржима қилиш, пуллик тиббий кўрикдан ўтиш, консуллик тўлови тўлаш, элчихонада суҳбатдан ўтиш ва виза олиш керак бўлади.
Лотерея натижалари 203 йил 6 майда аниқ бўлади. Ғолиблар 2023 йил 1 октябрдан бошлаб элчихонада суҳбатдан ўтишлари мумкин. Виза олиш вақти чекланган: 2024 йил 30 сентябргача улгуриш керак.
Ҳар йили Қўшма Штатлар АҚШда миллий хилма-хилликни тарғиб қилиш мақсадида турли мамлакатлар фуқаролари учун 55 мингтагача грин-карта беради. Ташкилотчилар ариза беришни охирги кунларга қолдирмасликни тавсия қилишади, чунки даъвогарлар сонининг ортиши порталда техник носозликларни келтириб чиқариши мумкин. Рўйхатга олиш даврида бир нечта ариза берган шахслар лотореядан четлаштирилади.
АҚШ Давлат департаменти грин-карта ўйинида иштирок этиш бепул эканлиги ҳақида огоҳлантириб, пул эвазига ғалаба қозонишда ёрдам таклиф қиладиган фирибгарларнинг найрангига тушиб қолмасликка чақиради.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқаролари ва резидентларига АҚШ визалари, хусусан, Green Card дастури бўйича виза учун мурожаат қилишда хусусий ташкилотлар хизматларидан фойдаланиш борасида ўта эҳтиёт бўлиш зарурлигини эслатиб ўтмоқда. Элчихонага мунтазам равишда виза фирибгарлари, виза олиш таклифлари акс этган электрон ва почта хабарлари, телефон қўнғироқлари, матнли хабарлар ва босма реклама маҳсулотлари тўғрисида ҳисоботлар олмоқда. Буларнинг ҳеч бири АҚШ элчихонасига алоқадор эмас.
Изоҳлар мавжуд емас