Бухоро давлат тиббиёт институтида Ҳиндистоннинг хусусий LNCT University олий таълим муассасаси билан биргаликда  қўшма  факультет очилади
Жамият

Бухоро давлат тиббиёт институтида Ҳиндистоннинг хусусий LNCT University олий таълим муассасаси билан биргаликда қўшма факультет очилади

1604

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Бухоро давлат тиббиёт институтида Ҳиндистоннинг хусусий LNCT University олий таълим муассасаси билан биргаликда қўшма факультет очилади. Мухбиримиз хабар беришича, факультетда ҳам ўзбекистонлик, ҳам ҳиндистонлик талабалар таҳсил олишади.

Иккала университет раҳбариятининг музокаралари 24 июнь куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан видеоконференция шаклида ташкил этилган.

LNCT University хусусий университети Мадҳя Прадеш штатининг Бопал шаҳрида 2015 йилдан буён фаолият юритмоқда. ОТМда 15 мингга яқин талабалар муҳандислик, менежмент, фармацевтика, тиббиёт, аюрведа (анъанавий тиббиёт), қишлоқ хўжалиги ва ҳуқуқ соҳалари бўйича таълим олишмоқда.

LNCT Universityнинг халқаро алоқалар бўйича проректори С. Сингхнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон университети БХТИ негизида қўшма тиббий коллеж ёки факультет очишдан манфаатдор.

Лойиҳа концепцияси аллақачон ишлаб чиқилган. Ҳиндистон университети раҳбарияти карантин чекловларини олиб ташлаганидан кейин музокаралар учун Ўзбекистонга ташриф буюрмоқчи.

БДТИ ректори А. Иноятов бугунги кунда университетда 50 га яқин ҳиндистонлик талабалар таҳсил олишини таъкидлади. Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма факультетининг очилиши илғор ҳинд таълим технологияларини жорий этиш ва университетда таҳсил олаётган ҳинд талабалари сонини кўпайтиришга имкон беради. Бу борада анъанавий тиббиётни ўқитишга алоҳида эътибор бериш режалаштирилган.

Шу куннинг ўзида Ҳиндистоннинг Kokilaben Dhirubhai Ambani Hospital хусусий клиникаси ижрочи директори С. Шетти билан музокаралар бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Инвестиция ва ташқи савдо, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Деҳлидаги ва Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихоналари вакиллари иштирок этишган.

Reliance Group клиникаси 2009 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда ва бугунги кунда Ҳиндистонда 750 ўринли энг йирик кўп тармоқли хусусий клиникалардан биридир.

Компания Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва хусусий ташкилотлар билан ҳамкорликда республикада кўп тармоқли клиникани очишни режалаштирмоқда. Томонлар яқин келажакда қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш учун зарур бўлган маълумотлар билан алмашишга келишиб олдилар. Кейинги музокаралар шу йилнинг июль ойида бўлиб ўтади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...