Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухоро вилоятидаги 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган Жаҳонгир Ғаффоровга нисбатан қийноқ қўллангани ва ундан айрим мансабдорларга қарши кўрсатма бериш талаб қилингани ҳақида адвокат Завқиддин Амонов маълум қилди. У ҳолат юзасидан тезкор текширув ўтказиш ва суд-тиббий экспертизаси тайинлашни сўрамоқда.
Адвокатнинг айтишича, у 5 июнь куни Жаҳонгир Ғаффоровнинг оила аъзолари мурожаатидан сўнг мазкур иш бўйича ҳимоячи сифатида жалб қилинган. Шундан сўнг тергов ҳибсхонасида мижози билан учрашган.
Амоновнинг сўзларига кўра, учрашув давомида Ғаффоров ҳибсхона раҳбарияти ва тезкор ходимлар томонидан жисмоний босим ўтказилганини билдирган. Унинг таъкидлашича, ҳодиса 4 июнь куни содир бўлган бўлиб, бир неча ходим томонидан хизмат хонасига олиб чиқилиб, танасининг турли қисмларига зарбалар берилган.
Адвокатнинг маълум қилишича, Ғаффоров ундан айрим мансабдор шахсларга қарши кўрсатма бериш талаб қилинганини айтган. Шунингдек, у ўз хавфсизлигидан хавотир билдириб, ишни бошқа ҳудудда тергов қилиш масаласини кўриб чиқишни сўраган.
Амонов мижозининг танасида жароҳат излари борлигини айтган ва бу ҳолат видеотасвирга олинганини маълум қилган. Унинг фикрича, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун зудлик билан суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши зарур.
Адвокат яна бир иддаони ҳам илгари сурди. Унинг айтишича, тергов ҳибсхонасидан чиқиш вақтида муассаса ходимлари уни бир муддат ташқарига чиқармасдан ушлаб турган. Амонов бу жараённи видеога олганини ва тасвирларда ходимлар раҳбарият кўрсатмасига асосан ҳаракат қилгани акс этганини таъкидлаган.
Шу муносабат билан адвокат Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Омбудсман ҳамда бошқа ваколатли идораларга мурожаат қилиб, қийноқлар ҳақидаги иддаоларни текшириш, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдор шахслар аниқланса, тегишли чора кўришни сўраган.
Айни пайтда мазкур баёнотлар адвокат ва унинг ҳимоясидаги шахснинг иддаолари ҳисобланади. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ёки бошқа расмий идоралар ҳозирча муносабат билдирмаган.

Изоҳлар мавжуд емас