Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ЯА. Буюк Британияда Гулнора Каримовага тегишли кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди. Лондондаги иккита квартирадан ташқари, у Суррей графлигидаги Gorse Hill Manor уй-жойига эгалик қилади. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Daily Mail нашрининг маълумотига кўра, ушбу мулк Гулнора Каримова томонидан 2010 йилда 18 миллион фунт стерлинг (23,5 миллион АҚШ доллари)га сотиб олган. Ўшандан бери 1912 йилда қурилган мазкур бинонинг нархи сезиларли даражада ошган. Бугунги кунда Gorse Hill Manor 30 миллион фунт стерлингга (39 миллион доллар) баҳоланмоқда.
Асосий бинодан ташқари, ҳашаматли уй-жой 70 минг квадрат метр майдонни ўз ичига олган боғ ва қайиқда сузиш учун мўлжалланган кўлдан иборат. Унинг ёнида сэр Брюс Форсайт ва Бруней султони яшайди.
Шунингдек, Каримованинг Лондондаги квартиралари нархи ҳам нашр томонидан ҳисоблаб чиқилган. Улардан биринчиси Мейфэр ҳудудида жойлашган бўлиб, 8 миллион фунт стерлинг (10,4 миллион доллар) туради. Белгравия ҳудудида жойлашган иккинчи квартира 2 миллион фунт (2,6 миллион доллар)га баҳоланган.
Эслатиб ўтамизки, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги айни пайтда Швейцария, Франция, Россия, Латвия ва бошқа давлатларнинг ваколатли идоралари билан биргаликда Каримованинг жиноий йўл билан қўлга киритилган активларини Ўзбекистонга қайтариш борасида ишламоқдалар. Шу билан бирга, 8-январь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва бошқа бир қатор шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича суд муҳокамалари бошланган эди. Декабрь ойида эса унга қарши янги айблов илгари сурилди. Бош прокуратура маълумотларига кўра 165 миллион доллар ва 85 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.
Изоҳлар мавжуд емас