Загрузка
Загрузка
COVID-19га чалинган кишининг ҳикояси: “Бу вирусни юқтиргандан ҳамманинг уялишини тушунмайман!”
Жамият

COVID-19га чалинган кишининг ҳикояси: “Бу вирусни юқтиргандан ҳамманинг уялишини тушунмайман!”

931
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Инсоният ўз тарихи давомида миллионлаб одамларни йўқ қиладиган вирусларнинг бир неча ҳужумига дуч келган. Ҳеч бўлмаганида "испанка" вирусини ёдга олиш мумкин. Бироқ, COVID-19 глобаллашувни, халқаро парвозларни ва жаҳон меҳнат тақсимотини бир мунча вақт издан чиқариб, сайёрамиз учун жиддий зарба бўлди.

Энг ёмони, ҳозирги кунга қадар дунёнинг турли мамлакатлари олимлари бу касалликнинг ўзи нима ва у қаердан келиб чиққанлиги ҳақида аниқ маълумот бера олишмаяпти. Баъзилар унинг сунъий келиб чиқиши ҳақида айтишса, бошқалар бунинг аксини таъкидлашмоқда. Ҳаттоки, коронавирус гриппга ўхшаш оддий касаллик, деб айтаётганлар ҳам йўқ эмас.

Табиийки, бундай ҳолат оддий одамларда нотўғри тушуниш, ишончсизлик ва ва кўплаб салбий ҳиссиётларни келтириб чиқаради. Шу билан бирга, миш-мишлар тегирмони ҳам тинимсиз айланиб, ёлғон хабарларни тобора оммалаштириб бормоқда. Бироқ, одамлар бунга ишонишади, бу ёлғонни қабул қилишади ва бир вақтнинг ўзида ҳаммадан ва ҳамма нарсадан қўрқишни бошлашади.

Айнан шу ўринда ҳалигача очиқ муҳокама қилинмаган асосий муаммо, яъни - "ковид" билан касалланган одамларнинг стигматизацияси масаласи долзарб бўлиб турибди. Ижтимоий тармоқларга кирсангиз, Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланган одамлар ҳақидаги барча воқеалар учинчи шахслар номидан баён қилинганлигини кўриш мумкин. Ҳар ким ўз дўстлари, қариндошлари, қўшниларининг муаммолари ҳақида сўз юритсада, ўз тажрибалари ҳақида гапирадиганлар камдан-кам. Бу борада хулоса битта- ноаниқлик шароитида жамият учун вирусни юқтирган ва эҳтимол кимнидир ўзи юқтиришга қодир одамни қабул қилиш қийин.

Биз жасурлик кўрсатган бир йигитни топишга муваффақ бўлдик. Илдар (исмини ўзгартиришни сўради)га қўнғироқ қилганимизда у коронавирус ҳақида гапириб беришга рози бўлди.

Ҳаммаси қандай бошланди

Унинг оиласида ушбу касалликка дучор келган биринчи одам отаси эди.

"Дадам ишда ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳарорати кўтарилган. Ходимлар тез ёрдамни чақириб, уни касалхонага олиб боришган. У ерда дадам тест топширганлар. У коронавирусга тест топширганидан кейин ҳеч қаерга бормаслиги шарти билан уйга юборилган. Бу нима учун қилинганлигини яхши тушунаман. Чунки унинг касаллиги тўғрисида аниқ тасдиқ бўлмаган. Касалхонада эса тасдиқланган ташхис билан даволашади", - деди суҳбатдошимиз.

Икки кундан кейин, эрталаб тез ёрдам машинаси келган: ташхис тасдиқланган ва отаси касалхонага олиб борилган. Ўша куни кечқурун, қолган оила аъзолари ҳам Ўртасаройдаги карантин зонасига олиб кетилган.

"Отам тест топширган куни менда ҳам касаллик аломатларини пайдо бўлди: ҳарорат 38 даража атрофида, қаттиқ бош оғриғи, бурун оқиши, томоқда қичиш ва толиқиш бор эди. Бош оғриғидан цитрамон, ҳароратни тушириш учун нимесил ва занжабил чойини ичиб турдим. Ўртасаройга олиб кетишаётган пайтда ўзимни яхши ҳис қилардим", - деб эслайди Илдар.

Илдар оиласи яшайдиган маҳалла аҳлида бир хонадонга бир кунда иккита тез ёрдам машинасининг пайдо бўлиши албатта ташвиш ва ошкора қизиқиш уйғотгани табиийдир. Қўшнилар деразадан нималар бўлаётганини томоша қилишган.

"Бир пайт кимдир ҳаттоки телефонини олиб, бизни суратга тушираётганини пайқадим", - дейди йигит.

Эҳтимол, ўша пайтда кўпчилик одамлар коронавирус инфекцияси туфайли бизни олиб кетишаётганини тушунгандир.

Контейнердаги ҳаёт

Ўртасаройда бўлишнинг иккинчи кунида улардан "ковид" учун тест олинган бўлсада, натижасини айтишмаган.

"Текширув натижалари ҳақида бизга ҳеч нарса айтилмагани учун, хизматчи аёлдан ўзимиз сўрай бошладик. Бунга жавобан у натижаларимиз ёмон чиққанида, бизни аллақачон касалхонага ётқизишларини айтди. Буни ҳар куни ҳарорати ўлчанганлар ҳам тасдиқлашди", - деди Илдар.

Илдарнинг отаси иш жойидаги бошқа ходимлар ҳам карантин зонасига олиб борилган. Улардан баъзилари "ковид" учун текширувдан ўтгандан сўнг, тиббий муассасаларга ўтказилган.

Бундан ташқари, оила аъзолари мулоқотга киришган бошқа яқинларидан ҳам коронавирус учун текширувлар олинган, аммо улар уйда қолишган. Бу борада шуниси қизиқки, қариндошларидан текширув олган СЭС ходимларининг таъкидлашича, Илдар оиласининг барча аъзоларидан олинган коронавирус текшируви ижобий натижа берган. Шу сабабли, билан улар билан алоқада бўлган ҳар-бир кишидан тест олиш учун эпидемиологик хизмат ходимларининг бригадалари жўнатилган. Уйларга ички ишлар идоралари ходимлари ва "гвардиячилар" қўйилиб, синов натижаларини эълон қилишдан бир неча кун олдин қариндошларини қўриқлаб туришган. Ҳамманинг натижаси салбий бўлиб чиққан.

"Бизни ҳайратда қолдирган ҳолат шундан иборакт бўлдики, биз ўзимиз карантин зонасидан СЭСга қўнғироқ қилганимизда, вирус фақат акам ва онамда аниқлаганлигини айтишди. Кейин эса маълумотлар ўзгариб, касаллик фақат акамда тасдиқланди. Бу мени ажаблантирди ва учинчиси маротаба СЭСга қўнғироқ қилганимдан сўнг, бизнинг ҳаммамизда коронавирус аниқланганлигини эшитдим. Бизни қасдданми ёки кимнингдир бепарволиги туфайли чалкаштирганликларини тушунмаяпмиз. Текширув иккинчи марта ўтказилгунга қадар биз карантин зонасида кутиб турдик, шундан кейин эртаси куни эса бизни касалхонага ётқизишди. Туғилган кунимни шундай мавҳум ҳолатда ўтказишга мажбур бўлдим”,- деди суҳбатдошимиз.

Касалхона ҳикоялари

Шунингдек, Илдар карантиндан кейин касалхона ҳудудига тушганларидан сўнг улар ҳис қилган ғалати туйғулар ҳақида гапириб берди. У ерда очиқ жой шунчалик кўп эдики, гўёки асирликдан озодликка чиққанга ўхшаб кетган. Темир контейнерларда кечирилган 14 кунлик ҳаётдан сўнг биринчи марта тоза ҳаводан нафас олиш мумкин бўлган.

"Бизни касалхонага олиб боришганида, дарҳол Ўртасаройда ўтказилган текширув натижаларини кўрсатишни сўрадик. Бизга карантин ҳудудида ўтказилган биринчи текширув натижалари кўрсатилди. Натижалар ижобий бўлган экан. Нега дарҳол бизни касалхонага олиб кетмаганликларини сўрадик. Шифокорлар Ўртасаройда ишлайдиганлар томонидан бизнинг ишимизга нисбатан эътиборсизлик бўлганини тушунтиришди. Албатта бу баҳсли масала. Бу алоҳида бир киши ёки яхлит тизимнинг хатоси бўлганлигини ҳозир аниқлаш имкони йўқ”, - дея шикоят қилди Илдар.

Тиббий муассасада оила аъзорларининг ўпкаси рентген қилиниб, қон ва сийдик намуналари олинган. Ёзилган дорилар орасида вирусга қарши препаратлар ва витаминлар бўлган (қуйидаги расмга қаранг).

"Бизнинг воқеамизда энг аянчлиси шундаки, ҳаммамиз (касби туфайли ишда бўлган отамдан ташқари) карантиннинг биринчи кунларидан ўзини-ўзи яккалаш шароитида бўлганмиз. Биз барча санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилдик ва ҳеч қаерга бормадик. Аммо бу бизни қутқара олмади”, деди Илдар.

Илдардан қўшнилари уларнинг уйини айланиб ўтиб, оиласи билан алоқа қилмасликларини сўраганимизда, у дарҳол ижобий жавоб берди.

"Ҳа, мен аминманки одамлар уйимизни айланиб ўтиб, биздан узоқлашишади. Аммо мен уларнинг қўрқувини тушунмайман. Мен тушунолмайдиган ягона нарса шундан иборатки, нима учун ҳамма бу вирусга чалинганидан уялишади ва нима сабабдан бу касалликдан соғайиб чиққанлар ҳақида ҳамма ғийбат қилишни бошлайди. Мен учун кулгили ва қайғули туюлаётгани шуки, жамият ушбу касаллик билан курашиш – бу қандайдир камситадиган ва инсон шаънига раҳна соладиган ҳолат деб ҳисобламоқда", - дея ўз фикрини якунлади суҳбатдошимиз.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...