Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 9–10 май кунлари Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво кескин ўзгариб, ҳарорат пасайиши ва аксарият ҳудудларда ёмғир ёғиши башорат қилинмоқда.
Ўзгидромет хабарига кўра, шанба куни ҳаво ҳарорати +28...+33 даражагача пасайса, якшанба куни ёмғир ва момақалдироқ таъсирида кундузги ҳарорат +20...+25 даражадан юқори бўлмайди. Айрим ҳудудларда кучли ёғингарчилик ва чанг-тўзонлар кузатилиши, тоғолди ва тоғли ҳудудларда эса сел келиш хавфи мавжуд.
Шанба, 9 май куни мамлакатнинг катта қисмида қуруқ ҳаво сақланиб қолса-да, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 10 майда эса ёғингарчилик республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади. Шамол тезлиги баъзи жойларда сониясига 23-25 метргача кучайиши кутилмоқда. Душанба, 11 май кунидан бошлаб ёғингарчилик асосан Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида давом этади, бошқа ҳудудларда ҳаво очилиб, ҳарорат бироз кўтарилади.
Тошкент шаҳрида 8–9 май кунлари ёғингарчилик кутилмайди, бироқ ҳарорат +36 даражадан +30 даражагача пасаяди. Якшанба куни пойтахтда вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши, ҳаво ҳарорати кундузи +20...+22 даража атрофида бўлиши қайд этилган. Шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Мутахассислар дам олиш кунлари тоғли ҳудудларга саёҳат қилишда эҳтиёткор бўлишни тавсия этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас