Загрузка
Загрузка
Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва миллат фидойилари хотирасига ҳурмат бажо келтирди
Жамият

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва миллат фидойилари хотирасига ҳурмат бажо келтирди

12
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Тошкентдаги Ғалаба боғига ташриф буюриб, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 81 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда иштирок этмоқда. Давлатимиз раҳбари халқимизнинг уруш йилларидаги матонати ифодаси бўлган "Матонат мадҳияси" ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйиб, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг жасорати тинчлик ва осойишталикни асрашда энг катта сабоқ эканини таъкидлади.

Тарихий маълумотларга кўра, уруш йилларида Ўзбекистоннинг 6,8 миллион нафар аҳолисидан қарийб 2 миллиони жангларда қатнашган. Улардан 540 минг нафари ҳалок бўлган, 158 минги бедарак йўқолган. Шунингдек, халқимиз фронт ортидан кўчириб келинган 1,5 миллион кишини, жумладан 250 минг етим болани ўз бағрига олиб, юксак инсонпарварлик намунасини кўрсатган. Президент ўз нутқида бугунги таҳликали замонда миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш энг олий вазифа эканини алоҳида қайд этди.

Маросим доирасида давлат раҳбари "Миллат фидойилари" хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган 196 нафар ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хотирасини ёд этган. Ўтган 2025 йилнинг ўзида ушбу мажмуани 650 мингга яқин зиёратчи кўздан кечиргани, бу ер ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масканига айлангани таъкидланган. Шунингдек, жорий йилда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланаётгани ва буюк аждодлар анъаналари бугунги кун ҳарбийлари томонидан муносиб давом эттирилаётгани эътироф этилган.

Эслатиб ўтамиз, Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Иккинчи жаҳон уруши синовларини бошдан кечирган ватандошларимиз ҳақидаги долзарб статистик маълумотларни эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик. 2026 йил 6 май ҳолатига кўра, мамлакатда 60 нафар уруш қатнашчиси ва уларга тенглаштирилган шахслар истиқомат қилади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...