Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Давлат солиқ қўмитаси киракашлик билан шуғулланаётганлар нима учун ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилмаганлигини тушунтириб берди. Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров бу масалани ечиш бўйича ишчи гуруҳ тузилганини айтди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
«Ушбу масала жуда ҳам муҳим ва долзарб ҳисобланади. Барча ҳудудларда такси хизматини кўрсатувчи фуқаролар кўп. Уларнинг фаолиятига қонуний шароит яратилса, уларнинг ижтимоий муаммолари ҳам ҳал бўлади”, - деди Умаров Тошкентда бўлиб ўтган матбуот-анжуманида.
Лекин, унинг қўшимча қилиб айтишича, киракаш хусусий тадбикрор (ўзини-ўзи банд қилувчи) сифатида рўйхатдан ўтса, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масала юзага келади. Яъни, аҳоли ташиш билан шуғулланувчи корхоналарга қўйиладиган талабларни ҳар-бир ўзини ўзи банд қилган киракаш ҳам бажариши лозим бўлади.
“Лекин бу дегани бу борада иш тўхтаб қолди, дегани эмас. Ушбу масала бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилган ҳамда мақбул ечим изланяпти. Лекин бу воқеа қачон рўй бериши ҳақида аниқ жавоб айта олмайман», — деди Умаров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларга такси хизматини кўрсатиш имконини бериш режалаштирилган эди. Мазкур чора давлат раҳбарининг "Яширин иқтисодиётни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони лойиҳасида назарда тутилган. Бироқ, давлат раҳбари томонидан имзоланган ҳужжатга ушбу банд киритилмаган.
Изоҳлар мавжуд емас