Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. "Юксалиш" Умуммиллий ҳаракати раисининг ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов етказиб бериш хизматлари ва дўконлар устидан назоратни кучайтиришни таклиф қилди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
"Фаол фуқаролар ўз мурожаатларида етказиб бериш хизматлари ва озиқ-овқат дўконлари “қайноқ нуқта”га айланаётгани ва коронавирус тарқалиш хавфини ошираётганлигидан хавотир билдиришмоқда. Хусусан, ҳозиргача юзлаб ва минглаб кишиларга хизмат кўрсатаётган сотувчи ва курьерлар ниқоб ва қўлқопсиз ишлаётгани, қолаверса иш қуроллари ва хоналарни зарарсизлантирмаётганлиги кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда", - деб ёзмоқда у ўзининг Телеграм-каналида.
Шу сабабли, депутатнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ўз ишини давом эттираётган барча дўконлар ва етказиб бериш хизматларига нисбатан қуйидаги қатъий талабларни қўйиш керак:
- етказиб бериш хизматларини " бевосита мулоқотсиз" режимига ўтказиш, онлайн тўловлардан фойдаланиш, нақд пул ва бошқа махсус чоралар билан ишлашда санитария қоидаларига риоя қилиш - ручка, қоғоз таклиф қилмаслик, маҳсулотларни ёпиқ ва санитария қопламаларида етказиб бериш, курьерларнинг квартира ва уйларга киришини таъқиқлаш, мижоздан 2 метр узоқликдаги масофани сақлаш;
- курьерлар махсус ҳимоя кийимларида, сотувчиларда ниқоб ва қўлқоплар бўлиши керак, уларни ҳар соатда алмаштириш лозим;
- ҳар бир мижозга хизмат кўрсатгандан сўнг қўллар ва асбобларни тўлиқ зарарсизлантирилиш;
- ҳар уч соатда биноларни дезинфекциялаш ва шамоллатиш, дўконларнинг кираверишида плёнка тўсиқларини олиб ташлаш, иложи борича эшик тутқичлари билан алоқа қилмаслик учун уларни очиқ ҳолда сақлаш;
- дўконга кириш жойида қўлларга қайта ишлов бериш учун дезинфекцияли воситалар билан тўлдирилган идишлар ўрнатиш;
- саноат ўрамига эга бўлмаган барча маҳсулотларни ёпиқ ҳолда сақлаш.
"Шу билан бирга, ушбу минимал талабларга риоя қилишдан ташқари, бизнес эгалари эпидемиянинг тарқалишининг олдини олиш учун қўшимча санитария чораларини кўришлари лозим. Улар одамларнинг бозор имкониятлари чекланганлигини ҳисобга олишлари керак", - дея хулоса қилди у.
Изоҳлар мавжуд емас