Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари Dark Web ва очиқ интернет ресурсларига чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар бугун барчани ташвишга солмоқда. Бу мавзу, ҳатто парламент даражасига кўтарилди. "Адолат" социал демократик партияси фракцияси ушбу ҳолат фуқароларнинг ҳуқуқий ва молиявий хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётганини таъкидлаб, бир қатор вазирлик ва идораларга депутатлик сўрови юборди.
Партия депутати Маҳмуд Валиев вазиятнинг долзарблигини инобатга олиб, Рақамли технологиялар, Ички ишлар вазирликлари, Миллий статистика қўмитаси масъулларига юзланди.
Сўровларда давлат органларидан қуйидаги саволларга жавоб бериш ва аниқ маълумотлар тақдим этиш сўралган:
1. Бугунги кунда шахсий маълумотлар базалари қанчалик ҳимояланган?
2. Эҳтимолий киберҳужумлар ва маълумотлар сизиб чиқишига нима сабаб бўлган?
3. Айни дамда Ички ишлар органлари томонидан қандай қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда?
4. Келгусида бундай тизимли хатоликлар такрорланмаслиги учун қандай техник ва ташкилий чоралар кўриляпти?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, шахсий маълумотларнинг (масалан, ПИНФЛ, паспорт серияси, телефон рақамлари) бегона қўлларга тушиши фирибгарларга фуқаролар номидан онлайн кредитлар расмийлаштириш, банк карталарини бошқариш ва бошқа турдаги молиявий жиноятларни содир этиш имконини беради.
Аввалроқ Ўзбекистон давлат тузилмалари электрон ҳукуматнинг (E-Gov) марказий авторизация сервери бузиб кирилгани ҳақидаги хавотирли хабарлар фонида ўз ахборот тизимлари хавфсизлиги бўйича оммавий равишда ҳисобот бергандилар. Идоралар бир овоздан ўз маълумотлар базалари дахлсиз эканини таъкидламоқда.

Изоҳлар мавжуд емас