Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилганлигига икки ҳафта бўляпти. Бу бизнес учун қулай фурсат бўлиб туюлсада, вазият бунинг аксини кўрсатмоқда.
Журналистлар ва блогерлар билан суҳбатларда, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда бизнес вакиллари келажакка ишонч йўқлигидан шикоят қилмоқда. Улар бир-икки ой ичида бизнес тиклаш учун барча саъй-ҳаракатларини йўққа чиқарадиган бошқа карантин бўлмаслиги ҳақида давлатдан кафолатлар сўрашмоқда.
Айни пайтда ўзини хавф остига қўйиб, қолган маблағларини бизнесини ривожлантириш учун қайта йўналтиришга тайёр кишилар камдан кам. Ҳозирги вазият инерцияга ўхшайди. Яъни бир томондан, уйда қолишнинг иложи бўлмаса, иккинчи бир томондан, тўлиқ ноаниқлик шароитида ривожлантиришни ҳеч ким истамайди. Шунинг учун бизнес бир қадам олдинга ва икки қадам орқага қайтишга мажбур бўлмоқда.
ALOHA Mental Arithmetic халқаро ментал арифметика дастурининг Ўзбекистондаги Бош вакили, Alloma болалар ўқув марказларининг тармоғи асосчиси Динара Хакимова мухбиримиз билан қилган суҳбатида бугунги кунда тўлақонли иш бошлашга нималар тўсқинлик қилиши ҳақида гапириб берди.
Имтиёз йўқ, демак маблағ ҳам йўқ
Тадбиркорлар карантин пайтида давлатдан сезиларли даражадаги қўллаб-қувватлашни сезишмади. Хусусан, иш ҳақи тўлаш ва мажбуриятларни қайтариш учун имтиёзли ёки фоизсиз кредитлар берилмади. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг асосий чораси сифатида, қанчалик ғалати туюлмасин - карантиндан кейин ишни давом эттириш учун рухсат бўлди.
Ҳозирги кунда одамларга келажакка ишонч бериш муҳим аҳамиятга эга. Биринчи марта очилганимиза санитария-эпидемиология талабларига жавоб берадиган ҳамма нарсани сотиб олиб, ишдаги вазиятни тўлиқ назорат қилиш учун техник ускуналарни харид қилишга сармоя киритдик. Бироқ, бир ҳафтадан кейин яна ёпишга мажбур бўлдик. Агар муддатлар ҳақида билсак, бир ҳафта учун ишни бошлаган бўлармидик? Ўйлайманки, йўқ. Энди эса, умуман мавҳум шароитда ишни қайта бошланганмиз.
Бизга коммунал ва алоқа хизматлари бўйича имтиёзлар ёрдам асқотарди. Аксарият Ўқув марказлари ва бошқа таълим муассасалари ижарада фаолият юритишади. Айримлар тўловларни кечиктириш бўйича бино эгалари билан келиша олган, қолганлари эса ёпилган. Барча уринишларимизга қарамай, биз ҳам Тошкент марказидаги иккита филиални ёпишга мажбур бўлдик.
Бироқ, бу вазият барча филиалларимизга ҳам тегишли деб айтолмайман. Баъзи ҳолларда бино эгалари билан келишишга муваффақ бўлдик. Мисол учун, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим чораси шу бўлдики, карантин пайтида давлат муассасаларида ижарага олинган бинолар учун ижара ҳақи олинмади.
Марказлар очилганидан сўнг ҳозирги шароитда фаолиятни тўлиқ тиклаш учун давлатдан камида олти ой давомида ижара тўловлари учун имтиёзлар берилиши энг катта ёрдам бўларди.
Умид қиламизки, филиалларимиз фаолиятини давом эттириб яна янгиларини очамиз. Вазият қанчалик қийин бўлмасин, биз яхшиликка ишонамиз ва янада олдинга боришга тайёрмиз.
Карантиндан кейинги ҳаёт
Иккинчи марта очилиш қийинроқ бўлсада, лекин биз бунга журъат қилдик. Биз ҳозирги вазият қийин эканлигини тушуняпмиз. Шунинг учун асосий вазифа - болалар саломатлиги, кейин эса уларнинг таълими.
Биз босқичма-босқич очиляпмиз, онлайн ва офлайн режимда ишлаяпмиз. Фарзандларимизнинг истеъдодларини яна бутун дунёга намойиш этмоқчимиз. Дастуримиз шу билан машҳурки, кўплаб ўқувчиларимиз турли мамлакатларда ўтказилган ментал арифметика бўйича халқаро мусобақаларда қатнашиб, халқаро даражадаги чемпионлар бўлишган. Шунингдек, мамлакатимизнинг энг яхши ўқувчиларини аниқлаш мақсадида ҳар йили кенг кўламли миллий мусобақалар ўтказдик. Карантин туфайли барча тадбирлар бекор қилинди ва номаълум муддатга қолдирилди, аммо уларни ташкил қилиш учун режаларимиз мавжуд.
Замонавий шароитларда даромад ҳақида гапириш қийин, чунки аҳолининг харид қобилияти сезиларли даражада пасайган. Бироқ, биз ўқиш учун тўловларини оширмасликка қарор қилдик. Бизнесда этика масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга, айниқса ҳозирги мураккаб бир даврда. Карантин пайтида биз билан онлайн ишлайдиганлар учун 20% чегирма берамиз. Шу билан бирга, ўқитувчилар маошини ҳам камайтирмадик. Барча ўқув материалини эса ўқувчиларимиз совға сифатида олишади.
Очишдан олдин барча марказларга санитар ишлов берилиб, санитария талабларига риоя қилиш учун маҳсулотлар, хусусан хлор, антисептиклар, ниқоблар, қўлқоплар, термометрлар ва махсус тўшаклар қайта сотиб олинди.
Ментал арифметикадан ташқари марказларда чет тиллари ва ижодий фанлар ҳам ўқитилади. Болалар 10 кишигача бўлган кичик гуруҳларда ўқийдилар. Биз учун бу одатий ҳол, чунки карантингача ҳам шундай шароитда ишладик.
Айни кунларда асосий вазифа - болалар хавфсизлигини таъминлашдир. Шу боис, администраторлар марказларда нима бўлаётганини қатъий кузатиб бориб, ҳароратни ўлчашади ва махсус журнал юритишмоқда. Барча ўқитувчиларимиз тиббий кўрикдан ўтишади ва тиббий карталарига эга. Шу билан бирга, ота-оналар ва ўқитувчилар марказларга мутлақо соғлом келишлари бўйича масъулиятини ўз зиммаларига олишади.
Келажакни режалаштириш ва бу ҳақда гапириш ҳозирча қийин. Гўёки бу соҳада ишлаган тўрт йилларим нолга тушиб қолганга ўхшайди. Назаримда, номимиз ва обрўимиздан ташқари, ҳамма нарсани йўқотдик. Карантин бизни Ўзбекистонда илк қадам ташлаган пайтимизга қайтарди.
Одамларда келажакка ишонч пайдо бўлса, аҳолининг фаровонлиги ошса ва асосий эҳтиёжлар бўлмаган маҳсулотларни сотиб олиш мумкин бўлгандагина ҳамма нарса ўзгара бошлайди. Буларнинг барчасига эришиш мумкин, шу жумладан бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали ҳам.
Онлайнга ўтиш
Карантин эълон қилинган биринчи кундан бошлаб барча марказлар ёпилди. Дастлаб икки ҳафта давомида ёпилиш ҳақида гап кетган эди. Лекин вақт ўтиши билан, мамлакатда карантиннинг узайтирилганлиги ҳақида эълон қилинди. Ўшанда бунинг узоқ вақт давом этиши аниқ бўлиб қолди ва шунинг учун онлайн машғулотлар ҳақида ўйлашга мажбур бўлдик.
Бизда халқаро франшиза бор. Шунинг учун халқаро идоранинг қўллаб-қувватлаши муҳим эди. Улар юқори сифатли маҳсулотни онлайн тарзда ташкил етиш зарурлигини таъкидладилар ва бу йўналишда фаол тайёргарлик кўришни бошладик. Қизиғи шундаки, бир вақтнинг ўзида қатор қийинчиликларга дуч келдик. Мисол учун, шу даврда болалар параллел равишда мактабда онлайн ўқирди. Шубҳасизки, бу жараёнга ўқитувчилар ҳам, мактаблар ҳам мутлақо тайёр эмас эди. Натижада ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўта кучли зўриқишни бошдан кечирдилар.
Ушбу ноқулай даврда биз янги маҳсулотни ишга туширишимиз керак эди. Муаммо шундан иборат эдики, сота-оналар ва болаларда онлайн машғулотларга нисбатан салбий муносабат шаклланган эди. Аслини олиб қараганда, кўп ҳолларда стереотипларни йўқотиш лозим эди, чунки онлайн таълим юзага келган юқори талаб ёки технологик ўсиш туфайли жорий қилинган эмас. Бу замон талаби ва ҳозирги шароитда ягона муқобил йўл эди.
Карантин давомида барча марказларнинг ўқитувчилари учун онлайн тартибда малака ошириш бўйича интенсив тренинглар ўтказилди. Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда “Болажон” телеканали учун ментал арифметикага оид видеодарсларни суратга олишда ҳам иштирок эдик. Улар имкон қадар болалар вақтини мазмунли ўтказиш ва янги мавзу билан танишишлари учун яратилган.
Биз учун онлайн-маҳсулотни ишга тушириш ҳам муаммо, ҳам кейинги ривожланиш учун рағбат бўлди. Уларнинг болалар учун қизиқарли бўлиши мақсадида дарсларга салгина "маза" қўшдик.
Афсуски, барча ўқувчилар ҳам онлайн-ўқишга ўта олмадилар. Бунга молиявий томон ҳам, вилоятлардаги оғир вазият ҳам таъсир кўрсатди. Болалар интернетга уланиш йўқлиги сабабли тармоққа чиқа олмаган ҳолатлари йўқ эмас.
Олти ой ўтгач, ишонч билан айтишимиз мумкинки, онлайн таълимни янада ривожлантириш учун тайёрмиз. Чунки у ўзига хос “суғурта ёстиқчаси” вазифасини ўтайди. Таълимни шу форматда давом эттирмоқчи бўлган ўқувчилар ҳозирда карантин тугагандан кейин ҳам шундай қилишлари мумкин бўлади.
Таълим соҳасида юқори сифатли онлайн маҳсулотларнинг янада кўпайиши истардим. Кишилар унинг фарқини тушуниб, бундай машғулотлардан ҳам муҳим натижаларни олиш мумкинлигини билишларини хохлайман. Шундай бўлгач, ўйлайманки, бу машғулот шаклига нисбатан муносабатимизни яхшилаган бўламиз. Шунинг учун ҳам бу йўналишнинг ривожланиш истиқболи ниҳоятда катта.
Бундан ташқари, карантин пайтида биз мамлакатимиз ташқарисида ишлашни бошлаб, ривожланиш учун янги имкониятларни очдик. Онлайн машғулотлар ишга туширилиши туфайли, дарслар маълум бир жойга боғланиб қолмаган. Шундай қилиб, мамлакатимиздан ташқарида бўлган кўплаб фуқаролар ўзбекистонлик ўқитувчилар ёрдамида дастуримиз доирасида ўқиш имконига эгадилар.
Изоҳлар мавжуд емас