Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2026 йилнинг август ойида мамлакатнинг расмий захира активлари 7,8 миллиард долларга кўпайиб, 1 сентябрь ҳолатига кўра рекорд даражадаги 72,13 миллиард долларни ташкил этди.
Захираларнинг кескин ошишига энг аввало жаҳон бозорида олтин нархининг қимматлашиши асосий омил бўлган. Август ойи давомида олтиннинг бир трой унцияси нархи 4052,20 доллардан 4602,00 долларгача кўтарилган, бу эса захиралар қийматига +7,8 миллиард долларлик ижобий таъсир кўрсатди. Шунингдек, олтиннинг соф ҳажми ҳам 13,8 миллион трой унциядан 14,1 миллион унциягача кўпайди. Натижада захирадаги олтиннинг умумий қиймати 64,9 миллиард доллардан ошган.
Шу билан бирга, хорижий валютадаги захира активлар миқдори камайишда давом этмоқда. Август ойида эркин конвертация қилинувчи хорижий валюта захиралари 7,65 миллиард доллардан 6,63 миллиард долларгача тушган. Бунда нақд валюта ва депозитлар ҳажми 4,86 миллиард долларни, қимматли қоғозлар эса 1,76 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон 2026 йил июль ойида 1,3 миллиард долларлик олтин экспорт қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас