Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари йўлга қўйилди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич 8 сентябрь куни Белградда бўлиб ўтган музокаралар якунида тегишли Қўшма декларацияни имзоладилар.
Давлат раҳбарлари ҳузурида ҳамкорликнинг кенг йўналишларини қамраб олган икки томонлама ҳужжатлар алмашилди.
Хусусан, томонлар меҳнат миграцияси, халқаро автомобиль ва темир йўл ташувлари, божхона иши, қишлоқ ва сув хўжалиги, фармацевтика ва биотехнологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Алоҳида битимлар қайта тикланувчи энергетика ва "яшил" технологиялар, рақамлаштириш ва электрон ҳукумат, ахборот-коммуникация технологиялари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқтисодий дипломатия соҳаларида ҳамкорликни назарда тутади. Шунингдек, туризм, маданият ва кинематографияни ривожлантириш бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Сербия эркин савдо битими бўйича музокараларни бошлаш учун ишчи гуруҳ тузишга ва Ўрта йўлакни ривожлантиришни биргаликда қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Алоҳида ҳужжатда Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти ва Сербиянинг Воеводина автоном ўлкаси ўртасида шериклик муносабатлари ўрнатилиши белгилаб қўйилди. Томонлар ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга ҳам келишиб олдилар.
Маросим доирасида Саноат шериклигини ривожлантириш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси имзоланди. Унда саноат ва бошқа истиқболли тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Аввалроқ, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сербиянинг олий давлат мукофоти - Сербия Республикасининг I даражали ордени билан тақдирланган эди. Мукофот икки мамлакат ўртасидаги тинч ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган алоҳида ҳиссаси учун берилди.

Изоҳлар мавжуд емас