Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва банк тизими учун йирик имтиёзлар пакети тасдиқланди: аввал қандай эди — энди қандай бўлади?
Иқтисод

Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва банк тизими учун йирик имтиёзлар пакети тасдиқланди: аввал қандай эди — энди қандай бўлади?

27
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш ва қарздорлик билан боғлиқ мулкларни реализация қилиш тартиби сезиларли даражада енгиллаштирилмоқда. Янги тартибга кўра, давлат мулкини сотиб олишда 15 фоиз аванс тўлаш, қолган маблағни фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш, айрим йирик объектларни белгиланган муддатда тўлиқ сотиб олганда эса 25 фоизгача чегирма олиш мумкин бўлади.

Президентнинг "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ–177-сонли фармони билан давлат активларини харид қилиш, ер участкаларидан фойдаланиш, банк балансига ўтган мол-мулкни сотиш ва қарздорликни суддан ташқари тартибда ундириш бўйича бизнес ва банк сектори учун қатор янги механизмлар жорий этилган.

Хўш, бу ўзгаришлар тадбиркорлар ва банклар учун нимани англатади?

Давлат мулкини сотиб олиш арзонроқ ва қулайроқ бўлади

Янги тартибда давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда аванс тўлови 15 фоиз этиб белгиланади. Харидор бу маблағни 30 календарь кун ичида тўлаши, қолган суммани эса қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин.

Айниқса, қиймати юқори объектлар учун янада катта имкониятлар берилади.

Масалан, белгиланган мезонларга тушувчи давлат активи ёки ер участкасини харид қилган тадбиркор:

  • 6 ой ичида 100 фоиз тўловни амалга оширса — 25 фоиз чегирма олади;

  • 6 ой ичида 50 фоизини тўласа — қолган маблағни 7 йил давомида фоизсиз тўлайди;

  • 3 ой ичида 35 фоизини тўласа — қолган суммани 5 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, давлат активи учун тўловнинг камида 50 фоизини амалга оширган харидорга объектни реконструкция қилиш, жумладан, янгидан қуриш учун бузиш ва таъмирлаш ҳуқуқи берилади.

Яъни тадбиркор объектнинг бутун қийматини тўлаб бўлишини кутмасдан, унга инвестиция киритишни бошлаши мумкин.

Сотилмай турган давлат объектлари нархи туширилади

Давлат активларига харидор топилмаса, уларни узоқ йиллар давомида бир хил нархда ушлаб туриш амалиёти ҳам ўзгаради.

Агар объект очиқ электрон онлайн аукцион ва биржа савдоларида 3 ой давомида сотилмаса, унинг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилади.

Объект 2 ой давомида сотилмаган тақдирда эса Давлат активларини бошқариш агентлиги уни алоҳида лотларга ажратиб ёки бошқа объектлар билан бирлаштириб, қайта савдога чиқариши мумкин.

Шунингдек, 3 ойда сотилмаган активларни гибрид — англо-голланд моделидаги аукцион орқали сотишга ҳам рухсат берилади.

Ерни "тайёр пакет" билан олиш мумкин бўлади

Қурилиш учун ер олаётган тадбиркорлар учун ҳам муҳим янгилик бор.

Маҳаллий ҳокимликлар ва улар муассислигидаги инвестиция компаниялари айрим ер участкаларини барча зарур шаҳарсозлик ва қурилиш рухсатномалари олинган ҳолда "тайёр пакет" сифатида аукционга чиқариши мумкин.

Бу тадбиркор учун лойиҳани бошлашдан олдин бир нечта идорадан алоҳида рухсатнома йиғиш заруратини камайтиради.

"Тайёр пакет"ни ишлаб чиқиш харажатлари дастлаб маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланиши, кейин эса ер сотилишидан тушган маблағлар ҳисобидан қайтарилиши мумкин.

Банк балансидаги қарздорлик эвазига олинган мулк учун ҳам имтиёзлар бор

Фармоннинг яна бир муҳим қисми банк балансига қарздорлик эвазига ўтган кўчмас мулкка тааллуқли.

2030 йил 1 январга қадар бундай объектларни сотиб олаётган харидорлар, шунингдек, уларни балансига қабул қилган банклар ва банклар муассислигидаги инвестиция компаниялари учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлар берилади.

Тижорат банки мулкни балансига қабул қилган санадан бошлаб 6 ой, инвестиция компаниялари учун 12 ой, харидор мулк қийматини тўлиқ тўлаб сотиб олганидан кейин эса 12 ой давомида тегишли солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин.

Бундан ташқари, қарздор юридик шахс мулкини қарз эвазига банкка ихтиёрий топширса, ушбу операция ҚҚСдан озод этилади.

Банклар эса қарздорлик эвазига олган мол-мулкни бозор қийматида тўғридан-тўғри, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки лизинг асосида сотиши мумкин бўлади.

Асосий мақсад — давлат мулкини тезроқ хусусий секторга ўтказиш

Янги механизмларнинг умумий мақсади — давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, хусусий секторга кўпроқ активлар ва ер ресурсларини бериш, сотилмай турган давлат мулкини бозорга қайтариш ҳамда банкларнинг муаммоли активларини тезроқ реализация қилиш.

Энг муҳими, янги тартиб тадбиркор учун давлат активини харид қилишдаги дастлабки молиявий юкни камайтиради: 15 фоиз аванс, фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ва айрим ҳолатларда 25 фоизлик чегирма — хусусийлаштириш жараёнидаги энг катта ўзгаришлардан бири бўлмоқда.

Аввал қандай эди — энди қандай бўлади?

Янги тартибнинг тадбиркорлар учун аҳамиятини тушуниш учун давлат активларини сотиб олишдаги аввалги шартларга назар ташлаш кифоя.

Аввал давлат активини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган тадбиркор камида 30 фоиз миқдорида дастлабки тўловни амалга ошириши керак эди. Энди эса бу кўрсаткич икки бараварга — 15 фоизга туширилган. Қолган маблағни фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам сақлаб қолинган. Бу ўзгариш 2026 йил 21 июль куни давлат активларини хусусийлаштириш бўйича ўтказилган йиғилишда президент томонидан маълум қилинган эди.

Масалан, қиймати 1 миллиард сўм бўлган давлат активини тасаввур қилайлик.

Эски тартибда тадбиркор аввало 300 миллион сўм тўлаши керак бўлган бўлса, янги тартибда бу сумма 150 милион сўмни ташкил этади. Яъни тадбиркорнинг дастлабки молиявий юки 150 милион сўмга камаяди.

Аввалги тартибда ҳам тадбиркорлар учун айрим енгилликлар мавжуд эди. Масалан, 2025 йилдаги хусусийлаштириш чора-тадбирларида давлат активини сотиб олиш тўловларига чегирмалар қўллаш ва айрим ҳолларда тўловларни бўлиб-бўлиб амалга ошириш механизмлари назарда тутилган.

Шунингдек, аввалги қоидаларда бўлиб-бўлиб тўлаш асосида сотиб олинган давлат активи ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасининг камида 35 фоизини бир йўла тўлаган харидорга уни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилган эди.

Янги тартиб эса бу тизимни яна бир қадам олдинга олиб чиқиб, тадбиркорнинг дастлабки тўловини камайтирмоқда ва йирик активларни сотиб олишда узоқроқ муддатли, фоизсиз тўлов имкониятларини кенгайтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистонда Президентнинг PF-175-сонли фармони билан кичик ва ўрта бизнес учун "Иккинчи имконият" иқтисодий амнистияси жорий этилганди. Ушбу ташаббус доирасида 2026 йил 1 сентябргача юзага келган солиқ қарзини йил охиригача тўлиқ тўлаган 315 мингдан ортиқ тадбиркорнинг пеняси бекор қилинади ҳамда уларга нисбатан юритилаётган ижро ишлари тугатилади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...