Загрузка
Загрузка
"Док-1 Макс"дан жабрланган болаларнинг 88 та оиласига 80 миллиард сўм компенсация тўланди
Жамият

"Док-1 Макс"дан жабрланган болаларнинг 88 та оиласига 80 миллиард сўм компенсация тўланди

13
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда "Док-1 Макс" ва "Амбронол" препаратларини қабул қилганидан кейин вафот этган ёки жабрланган болаларнинг оилаларига жами 80 миллиард сўм компенсация тўланди. Ушбу маблағнинг 65,2 миллиард сўми давлат бюджетидан ажратилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум  қилишича, жами маблағнинг 72,2 миллиард сўми вафот этган 72 нафар боланинг оилаларига, 7,8 миллиард сўми эса даволанган ёки даволанишда давом этаётган 16 нафар боланинг оилаларига берилган. 

Шу тариқа, суд қарорига асосан компенсация олиши керак бўлган 90 та оиладан 88 тасига тўловлар амалга оширилган. Қолган икки оилага тегишли 2 миллиард сўм банк карталари билан боғлиқ техник муаммолар ҳал этилгач ўтказилиши режалаштирилган. 

Тўловлар нега кечиккан? 

Дастлаб суд жабрланган 90 нафар боланинг оилаларига жами 82 миллиард сўм компенсация тўлаш ҳақида қарор чиқарган. Бироқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотишдаги қийинчиликлар туфайли маблағларни ундириш бир неча йилга чўзилган. Давлат бюджетидан маблағ ажратилгунига қадар оилаларга белгиланган компенсациянинг атиги 16,8 миллиард сўми, яъни тахминан 20 фоизи тўланган.

Вазирлик маълумотига кўра, бюджетдан ажратилган маблағлар айбдорларнинг мол-мулкини сотиш ва улардан пул ундириш орқали давлат ғазнасига қайтарилиши режалаштирилган. 

"Док-1 Макс" иши бўйича нима маълум? 

2022 йилда Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг "Мэрион Биотек" компанияси ишлаб чиқарган "Док-1 Макс" сиропини қабул қилган болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган. Кейинчалик препарат таркибидан заҳарли этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари аниқланган. Шунга ўхшаш аралашмалар компаниянинг "Амбронол" препаратидан ҳам топилган. 

2023 йил январь ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу дорилар таркибида заҳарли моддалар мавжудлигини тасдиқлаган. "Док-1 Макс" савдоси эса 2022 йил декабрь ойида тўхтатилган. 

Жиноят иши доирасида сиропни рўйхатдан ўтказишда лаборатория текширувлари ўтказилмагани аниқланган. Судда дори воситаларини импорт қилган "Қурамакс" компанияси тиббиёт ходимларига препаратни тавсия қилгани учун мукофотлар бергани ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. 

2024 йил февраль ойида суд фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариевни 18 йилга, унинг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаевни 16 йилга, "Қурамакс" директори Рагневдра Пратарни эса 20 йилга озодликдан маҳрум қилган. Суд, шунингдек, вафот этган ва жабрланган болаларнинг оилаларига маънавий зарар учун компенсация тўлашни белгилаган. Апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...