Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Док-1 Макс" иши бўйича жабрланган фуқароларга компенсация тўловлари тўхтатилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар тарқалди. Мажбурий ижро бюроси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, судларнинг ижро ҳужжатлари асосида қарздор Кариев ва бошқа шахслардан 85 нафар фуқаро фойдасига жами 78 миллиард сўм зарарни ундириш бўйича ижро иши юритилмоқда.
Ҳозирга қадар жабрланганларга 16,7 миллиард сўм маблағ ўтказилган. Бу пуллар аукционда сотилган мол-мулкдан тушган маблағлар ҳамда Кариевнинг оила аъзолари томонидан тўланган пуллар ҳисобидан шаклланган.
Хусусан, зарарни ундириш мақсадида Кариевга тегишли Чилонзор туманидаги турар жой бинолари ва Бешёғоч маҳалласидаги Фурқат кўчасида жойлашган нотурар бино хатланган ҳамда онлайн-аукционга чиқарилган.
Фурқат кўчасидаги нотурар бино 793 миллион сўмга сотилган. Чилонзор туманидаги қиймати 7,1 миллиард сўмга баҳоланган турар жой бинолари бўйича аукцион савдолари эса ҳали давом этмоқда.
Шу тариқа, 78 миллиард сўмлик зарарнинг 16,7 миллиард сўми жабрланганларга етказилган, қолган 61,3 миллиард сўмни ундириш ишлари ҳали якунланмаган.
Мажбурий ижро бюроси қолган маблағни ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилган. Ундирилган маблағлар жабрланган фуқаролар ўртасида тақсимланади.
Эслатиб ўтамиз, "Док-1 Макс" сиропини истеъмол қилиш оқибатида 68 нафар бола вафот этган. Иш бўйича дори воситасини Ўзбекистонга импорт қилган ташкилот раҳбари ҳамда Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари озодликдан маҳрум қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас