Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий Самарқанднинг форс цивилизацияси ва меъморчилигига мансублиги ҳақидаги дипломатик ваколатхоналар хабарларига изоҳ берди. У айрим элчихоналарнинг постлари АҚШ томонига мурожаат сифатида эълон қилинганини айтди, бироқ Самарқанд ҳақидаги баҳсли даъволардан воз кечилганини билдирмади.
"Баъзи элчихоналаримиздаги дўстларимиз ўз постларини АҚШ томонига мурожаат сифатида эълон қилишган эди", — деган Бақоий журналист саволига жавобан. У Эрон ва Ўзбекистонни узоқ тарихий алоқалар ҳамда муштарак маданий мерос боғлаб туришини таъкидлаб, бу омил халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Баҳс Эроннинг Арманистондаги элчихонаси ижтимоий тармоқда Самарқандни форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми деб атаган постни эълон қилганидан кейин юзага келганди. Хабар АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Ўзбекистонга ташрифи чоғида Самарқанднинг жаҳон савдосидаги тарихий ўрнини қайд этган постга жавобан берилган.
23 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарини чақириб, Самарқанднинг тарихий-маданий меросини бузиб кўрсатувчи ва сиёсий тусдаги провокацион баёнотларга қатъий норозилик билдирган. Эрон томонига нота топширилган.
Дипломатик норозиликдан сўнг Эроннинг Арманистондаги элчихонаси эълон қилган пост ижтимоий тармоқдан ўчирилган. Бироқ Бақоийнинг сўнгги изоҳида Теҳрон аввалги баёнотлардан расман воз кечгани айтилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас