Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бизнес-омбудсман таҳлилига кўра, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида тадбиркорлик субъектларини текшириш кўрсаткичлари ўртасида катта фарқ бор. Жумладан, баъзи туманларда ҳар 11–12 тадбиркордан бири текширилган бўлса, айрим шаҳар ва туманларда ҳар икки тадбиркордан бири назоратдан ўтказилган.
Омбудсман келтирган маълумотларга кўра, Улуғнор, Бахмал, Пайариқ ва Булунғур туманларида ҳар 12 тадбиркордан бири, Мирзо Улуғбек, Бўка ва Зафаробод туманларида эса ҳар 11 тадбиркордан бири текширилган.
Наманган, Янгиер ва Ширин шаҳарлари, шунингдек, Тахтакўпир ва Тахиатош туманларида ҳар икки тадбиркордан бири текширувга жалб этилган. Зарафшон, Каттақўрғон шаҳарлари, Қўнғирот, Хўжайли ва Амударё туманларида эса ҳар уч тадбиркордан бири текширилган.
Бизнес-омбудсман бу тафовутлар назорат органлари раҳбарларининг тадбиркорларга муносабатидаги фарқни кўрсатишини таъкидлаган. Унинг айтишича, назорат тизими ягона бўлса-да, талаблар ҳудудларга қараб ўзгариб кетмаслиги керак.
Омбудсманнинг таъкидлашича, назорат органлари раҳбарлари ва ҳокимларга ушбу масала юзасидан тегишли талаблар етказилмоқда. Тадбиркорларга муносабат мамлакатнинг барча 208 та туманида бир хил бўлиши лозимлиги билдирилган.
Олдинроқ Олий Мажлис палаталари ва "Юксалиш" ҳаракати ҳамкорлигида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилганди. 16 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда 50 дан ортиқ тадбиркор кредит олиш, электр ва газ тармоқларига уланиш, ҚҚСни қайтариш ҳамда экспортдаги тўсиқлар каби муаммоларни кўтарган эди.

Изоҳлар мавжуд емас