Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган янги Қонун қабул қилинди. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жарима миқдорлари ва жазо чоралари сезиларли даражада оширилди.
Хусусан, чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги талабларни бузганлик учун жарималар фуқароларга 2 баравар, мансабдор шахсларга эса 4–5 бараваргача оширилган. Шунингдек, сув объектларига оқиндиларни оқизиш, сувдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ва дарё ўзанларини тозалаш тартибини бузганлик учун ҳам молиявий санкциялар миқдори худди шундай тартибда кўпайтирилган.
Қонунчиликка янги киритилган моддаларга кўра, ўрмон фонди ерларини ноқонуний бериш ва уларда бино-иншоотлар қуриш фуқароларга 41,2 милион сўмгача, мансабдор шахсларга 82,4 милион сўмгача жаримага сабаб бўлади. Такроран содир этилган ҳолатлар учун 206 миллион сўмгача жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бундан ташқари, кўп квартирали уйларга туташ бўлган яшил ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик учун ҳам алоҳида жарималар жорий этилган.
Ер, сув ва атмосфера ҳавосини ифлослантириш оммавий касалланиш ёки ҳайвонлар қирилишига сабаб бўлса, жарима миқдори 2,5 баравар оширилиб, максимал 206 миллион сўмни ташкил этади. Эндиликда экологик ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этиш воситалари орқали ҳам аниқланади. Шу билан бирга, атроф-муҳит мониторинги маълумотларини базага киритмаган йирик корхоналарга 123,6 милион сўмгача молиявий санкциялар қўлланилиши кўзда тутилган.
Эслатию ўтамиз, Ўзбекистонда аҳолининг экологик қонунбузарликларга қарши курашдаги иштирокини ошириш мақсадида янги тизим йўлга қўйилганди. Энди фуқаролар экологик ҳуқуқбузарликлар бўйича фото ва видео далилларни юбориб, ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи миқдорида мукофот олишлари мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас