Загрузка
Загрузка
Эксперт: Коллекторлар – қўлида таёқ  билан  юрган зўравонлар эмас
Жамият

Эксперт: Коллекторлар – қўлида таёқ билан юрган зўравонлар эмас

2539
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Яқинда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракаит раиси Акмал Бурхонов хусусий ижрочилар институти ва хусусий ижро бюроларини яратиш тўғрисида фикр билдириб, уларнинг мамлакатда тузилиши ҳали эрта эканлигини айтиб ўтди. Бунга мисол сифатида Россия ва Қозоғистоннинг коллекторлик ташкилотлари томонидан қарзларни ундириш билан боғлиқ салбий тажрибани келтириб ўтди.

"Ирбис" коллекторлик агентлигининг ижрочи директори Жавоҳир Усмонов таҳририятга мурожаат қилиб, Ўзбекистонда 2011 йилдан буён қонуний равишда коллекторлик агентликлари фаолият юритаётганлигини айтгани бизни ҳайрон қолдирди.

Шу билан бирга, унинг фикрича асосий хато шундаки, коллекторлик агентликлари ва хусусий суд ижрочилари фаолиятини аралаштириб юбормаслик лозим. Сўзининг исботи сифатида у компаниянинг барча рўйхатга олиш ҳужжатларини тақдим этди. Уларда "коллекторлик хизмати" асосий фаолият тури сифатида кўрсатилган.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан қараганда, коллекторлик агентликларнинг фаолияти қуйидагича намоён бўлади. "Чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида бундай компаниялар қонун билан таъқиқланмаган ҳар қандай фаолият турларини амалга оширишлари мумкин. Қонунчилик билан белгиланадиган айрим фаолият турлари эса фақат лицензия асосида амалга оширилади.

Олий Мажлиснинг 2001 йил 12 майдаги 222- ii-сонли қарорининг 1-иловасида лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхати берилган бўлиб, унга мувофиқ коллекторлик фаолиятини олиб бориш учун лицензия олиш талаб этилмайди.

Яъни, Ўзбекистонда коллекторлик фаолияти билан шуғулланиш таъқиқланмаган ва бунинг учун лицензия олишингиз шарт эмас.

Жавоҳир Усмоновнинг сўзларига кўра, ҳозирда кўпчилик "хусусий ижрочилар" ва "коллекторлар" каби иккита атамани чалкаштириб юбормоқда.

"Даставвал, Давлат дастурида хусусий мажбурий ижро бюроларини ташкил этиш таклиф қилинган. Шунга ўхшаш хусусий суд ижрочилари институти Қозоғистонда мавжуд бўлиб, улар фақат ижро ҳужжатлари асосида ишлайди. Коллекторлик агентликлари эса қарз пайдо бўлгунга қадар, қарз пайдо бўлганда ва суд орқали ундириш зарурияти пайдо бўлганда жараёнга қўшилишлари мумкин”, - деди Усмонов.

Бундан ташқари, агентлик директорининг сўзларига кўра, бошқа давлатларда шу каби ташкилотларнинг салбий тажрибаси ҳақидаги хабарлар эълон қилинганидан сўнг мижозлар агентлик томонидан кўрсатиладиган хизматларга, амалдаги мижозлар эса “Ирбис” фаолиятининг қонунийлигига шубҳа қилишни бошлашди.

“Ўзга мамлакатларда коллекторлик компанияларнинг салбий тажрибасига оид қатор мақолалар чоп этилганидан кейин янги ва амалдаги мижозлар фаолиятимиз қонунийлигига шубҳа қилишмоқда. Улар Низомни тақдим этишни сўрашмоқда. Янги мижозлар билан эса ўзимизни гўёки сўровда ўтиргандек ҳис этяпмиз. Агарда, дейлик Россияда қандайдир коллекторлик агентлиги номақбул фаолият юритган бўлса, бу бошқа коллекторлик агентликларнинг фаолияти нотўғри эканлигини ифода этмайди. Бундан ташқари, улар ташкилотимизга раҳна солиб, хизматимиздан фойдаланмоқчи бўлган фуқароларни чалкаштирмоқда”, - дея таъкидлади суҳбатдошимиз.  

Унинг сўзларига кўра, аксарият одамларда мазкур соҳада ишлаётганлар ҳақида нотўғри тасаввур шаклланмоқда.

“Айримлар коллектор деганда қўлида таёқ билан юрган, сочи олинган зўравонларни тушунишади. Аслида эса бундай эмас. Масалан, бизда қарзларни олдини олиш хизмати мавжуд бўлиб, мижозларимизга қарз олувчиларни таҳлил этиш ва кредит маҳсулотининг заиф томонларини аниқлашга кўмаклашамиз. Молиявий усуллар ва суғурта полислари ҳам мавжуд. Бу шунчаки қарздорлар ортидан югуриш ва қарзларни ундириш дегани эмас”, -деди Жавоҳир Усмонов.

Унинг қўшимча қилишича, коллекторлик агентлиги ўз фаолиятини қонун доирасида амалга ошириб, бевосита давлат идоралари билан ишлайди.

“Биз Мажбурий ижро бюроси ва судлар билан ишлаймиз, кўп ҳолатларда прокуратура ва ички ишлар идораларига мурожаат қиламиз, шикоятлар ёзамиз. Биз ривожланган давлатлардагидек, фақат келишув ва шартномалар асосида иш олиб борамиз. Биз қарзларни кўчма ундириш (hard – collection) билан шуғулланмаймиз. Шу учун қайси салбий таъсиримиз ҳақида гап кетаётганини мен тушунмаяпман”, – деди Усмонов.

Шу билан бирга, суҳбатдошимизнинг фикрича, коллекторлик агентликлари 20 аср ўрталаридан бошлаб ишламоқда ва бозорнинг узвий қисми ҳисобланади.

Сўзининг якунида у хусусий суд ижрочилари амалиётини жорий этиш учун аввалом бор, Мажбурий ижро бюроси фаолиятини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

“Хусусий суд ижрочилари институтини тузишга ҳали эрта эканлигига қўшиламан. Бу учун МИБнинг тўғри ишлаши ва жамиятнинг янгиликка тайёр бўлиши талаб қилинади. Афсуски, МИБ ходимларига қилинаётган ҳужумлар фикримизни яққол исботламоқда. Албатта, бу борада тегишли ишлар амалга оширилмоқда. МИБ базаси бизга ҳам, мижозларимизга ҳам ижро мониторингини олиб бориш учун енгиллик яратмоқда. Бошқа томондан, биз агентлик сифатида хусусий суд ижрочиларининг фаолият юритишидан манфаатдормиз ҳамда тегишли қонун қабул қилинган тақдирда ўзимизда тегишли бўлинма очишга тайёрмиз”, - дея якунлади Жавоҳир Усмонов.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...