Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 2023 йилда Ўзбекистон иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг изчил ривожланишини таъминлаш бўйича қатор вазифаларни ҳал қилиши керак. Шубҳасизки, ушбу йўналишдаги асосий шериклардан бири - мамлакатимизга инвестиция киритиш ва товар айланмаси бўйича етакчи ҳисобланган Россия бўлади.
Янги йилда Тошкент ва Москва ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси йўналишлари устувор бўлади, Ўзбекистон Россия учун Жанубий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқиш учун йўлбошчи бўладими, ЕОИИ тақдири қандай кечади ва нима учун газ иттифоқи керак, деган саволларга Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтининг катта илмий ходими, фалсафа фанлари номзоди Равшан Назаров Batafsil.uz. мухбирига жавоб берди.
- 2023 йилда Ўзбекистон давом этаётган глобал нотинчлик шароитида экспортни кенгайтириш бўйича бир қатор вазифаларни ҳал қилиши керак. Сизнингча, бу борада Тошкент ғарб санкцияларига учраган Россия билан муносабатларни қандай ривожлантиради?
- Ўтган 2022 йил кўп жиҳатдан мураккаб ва мунозарали бўлди, аммо Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик давом этди ва давом этмоқда. Масалан, Ўзбекистон ва Россия савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, агросектор, алоқа, молия, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва минтақалараро ҳамкорлик каби қатор йўналишларга оид иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган Комплекс дастурни имзоладилар.
Россия Ўзбекистонга металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, машиналар, асбоб-ускуналар ва транспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги хом-ашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари, ёғоч ва целлюлоза-қоғоз маҳсулотлари, кимё саноати ва минерал маҳсулотлар, нефт маҳсулотлари, дори-дармонларни етказиб беради. Ўзбекистон эса ўз навбатида Россияга тўқимачилик ва поябзал, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек кимё саноати маҳсулотларини жўнатади.
2022 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ва Россия Тошкентда бўлиб ўтган "Иннопром" кўргазмаси доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг инсулин импортига боғлиқлигини камайтириш, дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш ва биотехнологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида йирик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича ҳужжатларни имзоладилар.
Ўтган йилнинг сентябр ойида Россия ва Ўзбекистон ер қаърини геологик ўрганиш соҳасида 2025 йилгача истиқболли ҳамкорлик дастурини имзоладилар. Ҳужжат захиралар ва ресурсларни таснифлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади. Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон геология идоралари ўртасида ўзаро англашув меморандумини амалга ошириш бўйича Россия-Ўзбекистон ишчи гуруҳи йиғилишининг биринчи баённомаси тасдиқланди.
1992 йилдан бери Тошкентда ўз ваколатхонасига эга бўлган Татаристон бугунги кунда Ўзбекистоннинг Россия минтақалари билан муваффақиятли ҳамкорлигининг намунасидир. Татаристон Ўзбекистонга ёқилғи, транспорт воситалари, ёғоч маҳсулотлари, пластмасса, резина экспорт қилади, Ўзбекистондан эса тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари, пахта, пластмасса импорт қилади.
2022 йилнинг ноябрь ойида Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг минтақалараро ва чегаралараро ҳамкорлик Кенгаши йиғилишида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси йил давомида 36 фоизга ўсиб, 6 миллиард долларни ташкил этгани таъкидланди. Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида Россиянинг учта асосий савдо шерикларидан бирига айланди. Умуман олганда, 2022 йилда Россия ва Ўзбекистон савдо ҳажми бўйича рекорд кўрсаткичларга эришдилар. 2021 йил якунлари бўйича эса Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шеригига айланди ва Хитойни ортда қолдирди. Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш 17 фоизга ўсган.
2022 йил декабрь ойида Россия Федерацияси саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Алексей Груздев Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар Кенгашининг қўшма йиғилишида Россия бизнеси янги тўқимачилик кластерларини шакллантиришда иштирок этиш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни ошириш ниятида эканлигини таъкидлаган эди. Лойиҳани амалга ошириш учун тўқув фабрикаси қурилишига майдонча олинган, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан Меморандум имзоланган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги сайёҳлик оқими кескин кўтарилган ва 2022 йил якунлари бўйича пандемиядан олдинги рекорд кўрсаткичлардан ҳам ошиб кетган. Шундай қилиб, ҳар қандай ички ва ташқи муаммоларга қарамай, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик динамикаси ўсиб бормоқда.
- Аномал совуқ яна бир бор маҳаллий энергия тизимининг муаммоларини намойиш этди. Сизнингча, Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон ўртасида учлик газ иттифоқини ташкил этиш, шунингдек, “Росатом” билан атом электр станциясини қуриш бу муаммони ҳал қилишга ёрдам бера оладими? Шу сабабли мамлакат Россия Федерацияси ва Қозоғистонга қарам бўлиб қолмайдими?
- Ўзбекистон ва Россия ҳозирда атом электр станциясини қуриш бўйича бош шартнома тайёрламоқда. Қурилган атом электр станцияси ҳар йили тахминан 3 миллиард кубометр газни тежашга имкон беради. Бундан ташқари, Ўзбекистонда станцияни қуриш ва ундан фойдаланиш жараёнида 8 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Ўзбекистондаги АЭС ВВЭР-1200 типидаги реакторлар билан жиҳозланади. Ушбу технология тўртта ҳимоя даражасини таъминлайди, фаол ва нофаол хавфсизлик тизимлари қўлланилади. Ушбу 3 + авлод технологияларининг барчаси ҳатто энг экстремал шароитларда ҳам станцияни хавфсиз сақлашга қодир ва атроф-муҳитга зарар етказмайди.
Бундан ташқари, 2022 йил 21 ноябрь куни “ТВЭЛ” компанияси (“Росатом”нинг шўъбаси - таҳририятдан) ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ядровий объектларни ишдан чиқариш ва чиқиндиларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим туздилар.
Ҳамкорликнинг асосий ва устувор йўналиши радиоактив чиқиндиларни қазиб олишни олдиндан ташкил этган ҳолда Тошкентдаги институт ҳудудида жойлашган бинолардан бирини, шунингдек, паст фаол чиқиндилар омборини фойдаланишдан чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўлади. Бундан ташқари, томонлар МДҲ ҳудудида "ядровий мерос" ни тугатиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда биргаликда иштирок этишмоқчи.
“ТВЭЛ” МДҲ мамлакатларининг ядро ёқилғисини ишдан чиқариш, радиоактив чиқиндилар ва фойдаланиб бўлингани билан ишлаш масалалари бўйича асосий ташкилоти ҳисобланади. Ўз навбатида, Ядро физикаси институти нафақат Ўзбекистонда, балки минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам амалга ошириши мумкин бўлган ядровий бэкэнд соҳасида бир қатор компетенцияларга эга.
Россия ва Қозоғистонга эҳтимолий "қарамлик" га келсак, шуни таъкидлаш керакки, замонавий дунёда мутлақо мустақил давлатлар йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Барча мамлакатлар ҳеч бўлмаганда энг яқин қўшнилари билан яқин алоқада бўлишади ва ўзаро муносабатлар ва ҳамкорлик, албатта, ўзаро боғлиқликни англатади. Бу мутлақо меъёрий ва табиий жараён ҳисобланади.
Ҳар қандай давлат халқаро ташкилотлар, масалан, БМТ аъзоси саналади ва бу маълум халқаро ҳуқуқий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди, шу нуқтаи назардан бу ҳам қарамликдир. Ўзбекистон ҳам МДҲ, ШҲТ, СВМДА, ОТГ, ОЭС, ОИС ва бошқа шу каби муҳим ташкилотларнинг аъзоси. Шундай қилиб, халқаро ҳамкорлик ҳар доим ушбу жараён иштирокчиларининг бир-бирига ўзаро боғлиқлигини англатади.
- Ўзбекистон ва Россия саноатчиларининг Жанубий Осиё минтақаларига маҳсулот экспорт қилишга қаратилган кооперация алоқаларини ўрнатиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- 2021 йилнинг июль ойида Тошкентда "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар" номли кенг миқёсдаги халқаро анжуман ўтказилиб, унда минтақанинг барча мамлакатлари ва асосий манфаатдор мамлакатлар, шу жумладан Россия делегацияси фаол иштирок этди.
Ўзбекистон Жанубий Осиё давлатлари, биринчи навбатда Ҳиндистон ва Покистон билан азалий ва яхши йўлга қўйилган алоқаларга эга. Шу муносабат билан ўзбек бизнеси Россия ишбилармонлари учун жуда муваффақиятли воситачи шерик бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Жанубий Осиё мамлакатлари билан анъанавий ривожланган савдо-иқтисодий алоқалари билан бир қаторда улар билан бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, Ҳиндистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик кенгаймоқда, буни 2022 йил баҳорида Ўзбекистонда бўлиб ўтган учинчи қўшма Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳарбий машқлари кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Трансафғон темир йўлининг вариантлари ва Афғонистондаги қийин вазиятни барқарорлаштириш билан боғлиқ бошқа лойиҳаларни ишлаб чиқиш доирасида Покистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент Жанубий Осиё давлатлари билан нафақат икки томонлама форматларда, балки ШҲТ, СВМДА, "Марказий Осиё + Ҳиндистон"форматлари доирасида ҳам фаол ишламоқда. Шундай қилиб, Ўзбекистон Россия ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда истиқболли воситачи бўлиб хизмат қилиши мумкин.
- Баъзи экспертларнинг таъкидлашича, Россияга ғарб санкциялари қўлланилгандан кейин ЕОИИ Ўзбекистон учун аҳамиятсиз бўлиб қолди. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?
- Евросиёнинг кенг кўламли интеграциясига қарши бўлганлар ЕОИИни пайдо бўлган пайтдан бошлаб том маънода “кўмишмоқда". Аммо, худди шу тарзда, улар 30 йилдан ортиқ вақт давомида МДҲни "кўмишга" ҳаракат қилмоқдалар. Бу ташкилот эса аллақачон тўртинчи ўн йилликка кирган ва ўзининг ҳаётийлигини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтмоқчиманки, асосий ҳужжатлардан бири, яъни 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида "Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш", "умуммиллийдан устувор бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқининг савдо сиёсатини ўрганиш", "Евроосиё иқтисодий иттифоқи бозорига Иттифоқ тажрибаси асосида самарали кириш учун техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш масалалари бўйича миллий сиёсатни такомиллаштириш" каби бандлар аниқ белгилаб қўйилган.
2022 йилнинг сентябрь ойида "Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация” каби муҳим ҳужжат имзоланди, унда “Россия Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги кузатувчи мақомини олқишлайди ва Қонунчилик ва тартибга солиш базасини босқичма-босқич уйғунлаштиришга кенг кўламли ёрдам беришини тасдиқлайди", дея таъкидланган.
Шунингдек, Декларацияда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукумат раҳбарлари ва ҳукуматлараро комиссия даражасида Қўшма комиссия фаолиятини фаоллаштириш, кооперация ва интеграция жараёнларини кенгайтириш, эркин савдо режимини таъминлаш, инвестиция оқимларини кенгайтириш, яқин ишлаб чиқариш кооперациясини шакллантириш, қўшма логистика ва улгуржи-тақсимот марказларини ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо тартиб-таомилларини максимал даражада соддалаштириш, Савдо-саноат палаталари фаолиятларини фаоллаштириш қайд этилган. Шундай қилиб, Россия Ўзбекистоннинг етакчи иқтисодий шерикларидан бири бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда.
- Афғонистон бу йилда ҳам оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолаверади. Тошкент ва Москва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш соҳасида, ҳусусан ушбу масалада қандай ҳамкорлик қилиши мумкин?
- 2021 йилнинг август ойида Афғонистондаги сиёсий режимнинг ўзгариши Марказий Осиёнинг бутун минтақавий хавфсизлик тизимини жиддий қайта кўриб чиқишга олиб келди ва минтақа мамлакатларида ҳам, уларнинг анъанавий ҳамкорларида ҳам табиий ташвиш уйғотди. Россия минтақа мамлакатларининг муҳим геосиёсий ҳамкори сифатида минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни ҳар томонлама таъминлаш тарафдори саналади.
Шу муносабат билан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги Декларация каби халқаро ҳуқуқий ҳужжат муҳим ўрин тутади, унда терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси, қурол-яроғ савдоси, трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг асосий жиҳатлари сифатида белгиланган.
Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ва Россия ўртасида хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик масалалари бўйича кўплаб икки томонлама ҳужжатлар мавжуд. Шундай қилиб, ҳар қандай потенциал таҳдидларга қарамай, икки мамлакатнинг ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлиги Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга умид берадиган мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Шу билан бирга, Афғонистондаги вазият 2022 йилда бўлиб ўтган энг муҳим форумларнинг кун тартибида эди.
- МДҲда 2023 йил миллатлараро мулоқот тили сифатида Рус тили йили деб эълон қилинди. Умуман олганда, мамлакатда рус тилининг ҳолатини қандай баҳолайсиз?
– Шуни эслатиб ўтмоқчиманки, рус тили "фақат" рус этносининг миллий тили ва Россиянинг давлат тили дея таъкидлайдиганлар чуқур адашишади. Аслида, рус тили Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларда расмий мақомга эга ва бутун собиқ совет ҳудудида у анъанавий равишда миллатлараро ва давлатлараро мулоқот тили сифатида қўлланилади.
Бундан ҳам қизиқарли фактлар мавжуд. Хусусан, рус тили Гагауз автономиясида (Молдова), Руминиянинг саккизта жамоасида, Австралиянинг битта жамоасида, Норвегиянинг Шпицберген оролида иш юритиш тили ҳисобланади. Исроилда дори-дармонлар бўйича кўрсатмалар рус тилида ҳам такрорланади.
АҚШнинг 23та штатида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун рус тилида ёзма имтиҳон топшириш мумкин. Рус тили Хитой, Мўғулистон, Польша, Словакия, Финляндия, Хорватия, Чехия Республикасида миллий озчиликнинг қонуний тан олинган тилидир.
Бундан ташқари, рус тили тан олинган халқаро мақомга эга: у 1945 йилдан бери у БМТнинг тили, шунингдек ЮНЕСКО, МАГАТЭ, ЖССТ, ВОИС, ЮНВТО, каби ихтисослашган ташкилотлар, ШҲТ ва бир бошқа қатор халқаро ташкилотларда қабул қилинган тилларидан бири. Рус тили собиқ совет ҳудудидаги барча ташкилотлар - МДҲ, ЕОИИ, КХШТ ва бошқаларнинг ишчи тили саналади.
Қолаверса, рус тили Интернетда энг кенг тарқалган иккинчи тилдир. Унда гуманитар, илмий-техник, оммабоп, бадиий, болалар адабиётининг катта ҳажми нашр этилган. Бу ҳажми жиҳатидан энг катта “таржима қилинадиган” тиллардан биридир, яъни унга ва ундан бошқа тилларга ҳам кўп таржима қилинади. Шундай қилиб, дунёда у ёки бу даражада ярим миллиардгача одам гаплашадиган рус тилини билиш ҳеч кимга зарар қилгани йўқ.
Барча даражадаги рус тилидаги таълим жуда юқори халқаро мақомга эга. МДҲ доирасида 2023 йилни миллатлараро мулоқот тили сифатида Рус тили йили деб эълон қилиниши мантиққа тўғри келади. Мактаб ўқувчиларининг 10 фоизи ва ўзбекистонлик талабаларнинг 30 фоиздан ортиғи рус тилида таҳсил олади, фан сифатида эса барча турдаги таълим муассасаларида ўрганилади. Шу боис ҳам ҳозирги кунда Россия ОТМда 50 минг нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил олмоқда, Ўзбекистоннинг ўзида эса Россия ОТМларининг 15 та филиали фаолият кўрсатмоқда. 2023-2024 ўқув йилида Россия ОТМларида бюджет асосида ўқиш учун Ўзбекистонга 800 та жой ажратилган.
- Ўтган йил Россия ва Ўзбекистон таълимининг ўхшаш муаммолари борлигини кўрсатди. Масалан, Саида Мирзиёеванинг давлатдаги ўқитувчи ва мураббийларнинг роли ҳақидаги нутқи Россия аудиторияси томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Янги йилда мамлакатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини қайси йўналишларда кучайтириш керак, қандай муаммоларни биргаликда ҳал қилиш мумкин?
- Янги 2023 йил Ўзбекистонда Инсонларга эътибор ва сифатли таълим йили деб эълон қилинди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таълим кўргазмаси доирасида бир гуруҳ мактаб ўқитувчилари билан учрашиб, мамлакатда ўқитувчи энг нуфузли касб бўладиган жамият қуриш зарурлигини таъкидлади.
Худди шу фикр президентнинг мурожаатида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у 2023 йилдан бошлаб халқаро таълим дастурлари асосида мактаб таълимини тубдан ислоҳ қилиш бошланишини таъкидлади. Ишни тизимли ташкил этиш, янги дарсликлар тайёрлаш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун махсус илмий институт ва лабораториялар ташкил этиш режалаштирилган.
Россияда 2023 йил Ўқитувчи ва мураббийлар йили деб эълон қилинди. Ушбу йилнинг вазифаси - педагог ходимлар, шу жумладан мураббийлик фаолиятини амалга оширадиган кишиларнинг алоҳида мақомини тан олишдир. Ўқитувчи ва мураббийлар йилидаги тадбирлар ўқитувчининг касбий ва ижтимоий нуфузини оширишга қаратилган. Педагогика фани меросини оммалаштириш бўйича кўргазмалар, форумлар, анжмуналар, кино лойиҳалари, танловлар, телешоулар, таълим тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Россия ОТМларининг 15 та филиали, шу жумладан МДУ, РИУ, ВГИК, МГИМО, МИФИ, МИСиС ва бошқа шу каби нуфузли ОТМлар филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда яна бир қатор филиалларни очиш бўйича музокаралар ва тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Россия-Ўзбекистон қўшма таълим дастурлари, ОТМлараро ҳамкорликнинг илмий-маърифий ва лойиҳа марказлари, қўшма факултетлар фаолият кўрсатмоқда. Шундай қилиб, таълим соҳаси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликнинг етакчи ва жадал ривожланаётган йўналишларидан биридир.
Изоҳлар мавжуд емас