Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда профилактика инспекторларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш таклиф этилмоқда. Янги қонун лойиҳасига кўра, инспекторлар ҳар чоракда маҳалла аҳолиси ва жамоатчилик олдида ҳисобот беради, аҳоли эса унинг фаолиятидан қониқмаса, ишончсизлик ташаббусини билдириш ҳуқуқига эга бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 25 август куни "Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган.
Ҳужжат билан профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, хизмат вазифалари, ваколатлари ва фаолияти кафолатларини алоҳида қонун билан белгилаш назарда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, профилактика инспектори хизмат ҳудудида амалга оширган ишлари ҳақида ҳар чоракда аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериши керак бўлади.
Шу билан бирга, маҳалла аҳолиси инспекторнинг фаолиятига баҳо бериш ва унга нисбатан ишончсизлик ташаббусини билдириш имкониятига эга бўлади.
Қонун лойиҳасида профилактика инспекторининг хизмат фаолиятига асоссиз аралашишга ҳам чеклов ўрнатилмоқда. Уни хизмат вазифаларига алоқаси бўлмаган ишларга жалб қилиш ёки унга қўшимча вазифалар юклаш тақиқланиши белгиланмоқда.
Бу орқали инспекторнинг асосий вазифаси — ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва хизмат ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратиши таъминланиши кутилмоқда.
Лойиҳада профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати давлат ҳимоясида бўлиши, меҳнатига муносиб ҳақ тўланиши ва хизмат шароитлари яхшиланиши белгиланмоқда.
Самарали фаолият кўрсатаётган инспекторларни рағбатлантириш, уларнинг хизмат ва уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича кафолатларни қонун даражасида мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.
Қонун қабул қилинса, профилактика инспекторларининг мақоми, вазифалари ва хизмат ўташ тартиби ягона ҳуқуқий ҳужжат асосида тартибга солинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилояти Фориш туманида профилактика инспекторлари ҳамда бир гуруҳ фуқаролар ўртасида жанжал содир бўлганди. Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳодиса акс этган видеолавҳа тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас