Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Покистон пойтахти Исломобод шаҳридаги асосий давлат тиббиёт муассасаларидан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида камида 14 нафар чақалоқ ҳалок бўлди. Қутқарув хизматлари ёнғинни назоратга олган, жабрланганлар эса зудлик билан реанимация бўлимига олиб борилган.
Хорижий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, фожиа Исломободдаги асосий тиббиёт марказларидан бири — PIMS шифохонасининг Она ва бола бўлими учинчи қаватида содир бўлган. Ёнғин оқибатида тутундан заҳарланган ва жароҳат олганлар интенсив терапия бўлимида шифокорлар назоратида қолмоқда.
Шифохона вакилининг тасдиқлашича, қутқарув ишлари давомида аланга ичида қолган чақалоқлардан фақат бир нафар янги туғилган чақалоқни соғ-омон олиб чиқишнинг имкони бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакат раҳбарияти ҳодисага дарҳол муносабат билдирган. Покистон Бош вазири Шеҳбоз Шариф фожиа муносабати билан чуқур қайғу ва ҳамдардлик изҳор этиб, ҳодиса юзасидан зудлик билан суриштирув ўтказишга топшириқ берган.
Ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва 24 соат ичида ҳисобот тайёрлаш учун махсус тергов комиссияси тузилган.
Аввалроқ АҚШда бир оиланинг бир нечта аъзоси, жумладан болалар отишмада ҳалок бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас