Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистондан, шунингдек, Тожикистондан борган меҳнат мигрантлари Россияга эмас, балки Хитой, Жанубий Корея, Яқин Шарқ ва Европага ишлаш учун кўпроқ кетадиган бўлган. Россиялик эксперт сўнгги йилларда Россия Федерациясига меҳнат миграцияси Марказий Осиё аҳолиси учун нима учун камроқ фойдали бўлиб қолганини тушунтириб берди. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети профессори, Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирининг собиқ ўринбосари Александр Сафонов ўзининг фикрини билдирган.
Сафоновнинг сўзларига кўра, 2020-2021 йилларда мигрантлар оқимининг қисқариши ковид чекловлари билан боғлиқ бўлган. Сўнгра рубль курсининг пасайиши таъсир кўрсатган. Шу муносабат билан Россияда Марказий Осиёдан бўлган мигрантлар учун анъанавий бўлган бандлик соҳалари улар учун қизиқ бўлмай қолган.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, Россия Федерациясида миграция сиёсатининг кучайтирилиши ҳам хорижий ишчилар сонининг қисқаришига таъсир кўрсатмоқда.
"Марказий Осиё республикаларининг ўзи ҳам ривожланмоқда. Уларнинг иқтисодиётига ХХР сармоя киритмоқда, Россия компаниялари ҳам ишлаб чиқаришни у ерга ўтказмоқда", - деди Сафонов.
Шу туфайли Марказий Осиё минтақаси давлатларида иш ҳақи бўйича Россия билан солиштирса бўладиган янги иш ўринлари пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга, одамлар уйда қолишади, улар чет элда йўл ва уй-жой ижараси учун тўлов қилишлари шарт бўлмайди.
Эслатиб ўтамизки, ўтган йили умумий мигрантлар сонига нисбатан ўзбекистонликларнинг бор-йўғи 4 фоизи Россияга ишлаш учун борган.
Аввалроқ Россия Бош прокуратураси шубҳали операцияларни аниқлаш мақсадида меҳнат мигрантларининг банк ўтказмалари устидан назорат ўрнатиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган эди.
Изоҳлар мавжуд емас