Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ЯА. Энергетика вазирлиги эълон қилган мақолада Ўзбекистон электротаъминоти тизимида юз бераётган аварияларнинг келиб чиқиш сабаблари тушунтирилган. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Мақолада электрик тизими муаммолари, уларнинг келиб чиқиши ҳақида қисқача илмий-оммабоп маълумотлар келтирилиб, биздаги аҳвол унчалик ҳам ёмон эмаслигини кўрсатиш учун “Ахборот” кўрсатуви анъаналарига мувофиқ дунёда юз берган электроэнергия ўчиши билан боғлиқ йирик ҳолатлар санаб ўтилган.
Энг қизиғи мақола якунида келтирилган. Унда Ўзбекистондаги вазият хақида гап кетганда тежамкорлик ва ўғирламаслик зарурлиги таъкидлаб ўтилган.
“Бизнинг истеъмолчи сифатидаги умумий вазифамиз электроэнергиядан оқилона фойдаланишдан иборат. Зарурат бўлмаса, электрожиҳозларни ёқмаслик керак. Кўплаб ҳолатларда электроэнергия фойдасиз сарфланмоқда. Кечки пайтдан эрталабгача ҳовлилар ва кўп қаватли уйлар йўлакчаларида чироқлар ёниб туради. Кшпинча телевизор, радио, компьютер ва ёритиш мосламаларини ёқиб қолдирамиз”, - деб айтилган мақолада.
Шунингдек, мақолада таъкидланишича, электроэнергиянинг бир қисми талон-тарож йўли билан ҳисоблаш ва назорат тизимларини айланиб ўтиш орқали истеъмол қилинади. Натижада замонадан ортда қолган ва самарасиз жиҳозлар орқали қимматли энергия беҳудасига исроф қилинади. Бундан ташқари, энергоблоклар, электроузатиш линиялари, трансформатор подстанциялари ва тарқатиш электр тарқмолари ҳаддан ташқари зўриқиб, тизимли аварияларни келтириб чиқаради.
“Бунга қарши курашиш учун биз ҳам, энерготизим ҳам барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, мавжуд “сурункали касалликларни” бартараф этишимиз ҳамда салбий омилларсиз янги вазиятни шакллантиришимиз зарурдир. Барча истеъмолчилардан энергия истеъмол қилиш ва энергия тежаш масалаларига онгли муносабатни шаклантиришимиз мақсадга мувофиқдир. Натижада экология тозалиги, саломатлик, жамият ва давлат ривожига ижобий таъсир чоралари таъминланади”, - деб айтишмоқда мақола муаллифлари.
Изоҳлар мавжуд емас