Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Март ойининг охирида Абдулла Қодирий боғида янги Hampton by Hilton меҳмонхонаси қурилиши режалаштирилаётгани маълум бўлди. Архитектура соҳасининг айрим мутахассислари бунга қарши чиқишган. Улар шаҳар маъмуриятидан бўлажак меҳмонхона қурилиши учун жойни қайта кўриб чиқишни сўрашмоқда.
Темур Ахмедов, Ўзбекистон экологик қурилиш Кенгаши асосчиси ва Бош маслаҳатчиси:
- Яқинда Абдулла Қодирий боғида " Hilton Worldwide" билан Hampton by Hilton меҳмонхонасининг қурилиши бўйича келишувга эришилгани ҳақидаги хабарни эшитдим. Бу борада баъзи фикрлар билан ўртоқлашмоқчиман.
Аввало, меҳмонхонанинг тахминий жойлашуви ташвишга солмоқда. Тошкентда 2,5 миллион аҳоли учун истироҳат боғлари жуда кам қолган. Меҳмонхона қуриш орқали яшил ҳудудлар сонини янада камайтириш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайман. Шаҳар тирик организм бўлиб, боғлар ўпка вазифасини бажаради. Ижтимоий маънода, боғлар зўриқишни бартараф қилишга кўмаклашади.
Ёзда ҳарорат 40-45 даражага етганда, одамлар ўзларини чарчоқ ва безовта ҳис қилишади. Боғлар одамларга бўшашиш ва табиат билан алоқа ўрнатиш имконини беради. Масалан, болалар тўйиб ўйнаб, уйда безовта бўлишмайди, оилаларда осудаликни таъминлашади.
Hilton Worldwide ўз сайтида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унинг меҳмонхоналар тармоғи фаолиятидан экологик зарарни камайтириш бўйича ўз нуқтаи назарини билдирган. Боғ ҳудудида брендли меҳмонхона қурилиши “Hilton Worldwide”нинг илгари билдирилган мақсадларига қарши чиқмоқда. Ишончим комилки, компания раҳбарияти Ўзбекистонда жаҳон даражасидаги меҳмонхона мақомини таъминламоқчи бўлган бренд учун хавф-хатарларни баҳолайди.
Бугунги кунда жаҳон даражасидаги меҳмонхоналар LEED ва BREEAM каби стандартларга мувофиқ қурилмоқда. Бу яшил қурилиш стандартлари яшил ҳудудларда ёки унумдор ер устида бинолар қурилишини тақиқлайди. Бундан 10 йил олдин, Hilton яшил қурилиш концепциясини амалга оширишни бошлаб, биринчи сертификатлашган LEED меҳмонхонаси мақомини қўлга киритган эди.
Бренднинг нуфузи ва унинг экологик кўрсаткичлари биринчи навбатда, халқаро мижозлар учун муҳим аҳамиятга эга. Hilton Worldwide қийинчилик билан "яшил меҳмонхоналар" қуриш ва уларни бошқаришда эришган мақомини хавф остига қўярканми?
Табиий бир савол туғилади. Ўзбекистон замон билан ҳамнафас ва ҳатто бошқаларни ортидан етаклайдиган мамлакатми ёки ўтган асрнинг 80-90-йилларида жаҳон брендлари томонидан қолдирилган нотўғри ёндашувларни онгли равишда танлаб оладиган давлат бўлиб қоладими?
Мен 16 йилдан ортиқ вақт мобайнида энергия самарадорлиги, қайта тикланадиган энергия манбалари ва яшил бинолар соҳасида ишлаган мутахассис сифатида айтишим мумкинки, жараённинг қайсидир босқичида Hilton Worldwide Тошкент шаҳрига экологик зарар етказувчи лойиҳага алоқадор бўлишни истамай қолади.
Абдулла Қодирий боғида меҳмонхона қурилиши барчага – Ўзбекистон, Hilton Worldwide, Тошкент шаҳри, сармоядорлар, фуқаролар ва шаҳар экотизими учун муҳим репутацион, молиявий, ижтимоий ва экологик йўқотишларни келтириб чиқармоқда.
Муродхон Усмонов, архитектура фанлари номзоди, Тошкент архитектура-қурилиш институти "Шаҳарсозлик ва ландшафт архитектураси" кафедраси доценти:
– Ушбу шаҳарсозлик вазиятида объектнинг жойлашуви шубҳа тўғдиради. Нима учун бу яна боғ майдони ҳисобига амалга оширилмоқда?
Александ Куранов, САД студияси бош архитектори:
– Бу ҳолат Тошкент аҳолиси, лойиҳа ташкилотлари, архитектура жамоатчилиги, экологлар, республика яшил жамғармаси ҳимоячиларининг бетига тупуриш бўлмоқда. Бунгача иккита шов-шувли объект –Истиқлол мажмуаси ҳамда Ивлева ва Руставели кўчалари кесишувидаги 24 қаватли бино билан боғлиқ воқеани ҳам эсга олиш мумкин. Тошкентдаги энг қадимий истироҳат боғи ва эски шаҳар воҳаси – Қодирий боғининг катта қисмини бузиш ташаббускорларини билишни истардим. Шаҳарсозлик борасида бино ўта саводсиз режалаштирилган.
Улуғбек Холмуродов, “Holmuradov Architects” дизайн бюроси асосчиси:
- Заиф ва бош режасиз лойиҳани кўриб чиқишнинг ҳам ҳожати йўқ.
Тахмина Турдиалиева, меъмор, TT Design Lab архитектура бюроси асосчиси:
– Фотосуратлардан Абдулла Қодирий боғи ташландиқ ҳолатда эканлигини англаш мумкин. Бундан ташқари, боғ ҳудудида аллақачон турар-жой мажмуаси қурилмоқда. Энди меҳмонхона ҳам режалаштирилган. Боғ ҳудудини босқичма-босқич тортиб олиш жараёнига гувоҳ бўлаяпман.
Лойиҳанинг сифати "тижоратли" ва бино жуда саводсиз режалаштирилган. Тошкент қурилиш бошқармаси қошидаги шаҳарсозлик Кенгаши шаҳар манфаатлари учун курашишига ишонаман.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас