Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда COVID-19 га самарали, тез ва мувофиқлаштирилган жавоб қайтариш чораларига бағишланган лойиҳага 2 миллион евро ажратди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатдаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилажак лойиҳа аввалом бор, тиббиёт муссасаларида беморлар билан бевосита мулоқотда бўладиган тиббий ва биринчи бўғин ходимларига шахсий ҳимоя воситаларини тақдим қилишга алоҳида урғу беради.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги мавжуд деярли барча шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ) COVID-19 га чалинган беморларни ва улар билан алоқа қилганларни аниқлаш, саралаш, текшириш, яккалаш ва даволаш учун ишлатилади. Бу ҳол COVID-19 гумон қилинган ёки тасдиқланган ҳолатлардан ташқари бошқа беморларга, масалан, туғруқхона, сил ва ОИТВ клиникалари, стоматология, поликлиника ва шу кабиларда хизмат кўрсатаётган тиббий ходимларнинг катта қисмини ҳимоясиз қолдирмоқда.
Шу боис, ЖССТ тавсия қилган ШҲВни нафақат COVID-19 га чалинган беморлар билан ишлаётган тиббий ходимлар учун, балки бошқа соғлиқни сақлаш хизмат ва муассасаларидаги тиббий ходимлар учун ҳам харид қилиш COVID-19 тарқалишини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
“Тиббий ходимлар ҳар кунимизнинг қаҳрамонларидир ва бизни ҳимоя қилаётганда улар хавфсиз ишлай олишига биз амин бўлишимиз шарт. Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга пандемияга жавоб чоралари доирасида Европа ҳамжамияти ажратган 36 миллион евро ёрдамининг асосий қисмини ўзида мужассам этади”, - деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ишончли вакили Юсси Нарви.
“Етарли даража сифатли шахсий ҳимоя воситаларини харид қилиб, уларни мамлакатдаги барча тиббий ходимларга етказиш - тиббий ходимлар орасида касаллик туфайли яна йўқотишлар рўй беришининг олдини олишга ва аҳоли орасида COVID-19 ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади”, - деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианне Куппенс.
Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг яқин ҳамкорлиги натижасида лойиҳа кейинги 2 йилга мамлакатдаги барча тиббий ходимлар учун етарли миқдорда ва юқори сифатли ШҲВ сотиб олиш орқали инфекциялар профилактикаси ва инфекцион назорат чораларини мустаҳкамлайди.
Изоҳлар мавжуд емас