Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2027 йил охиригача Андижон ва Самарқанд ўртасида тезюрар электр поездлар қатновини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Бунинг учун ҳозирда Тошкент — Андижон йўналишида ҳаракатланаётган поездлар қатновини Самарқандгача узайтириш режалаштирилган.
Транспорт вазирлиги ишлаб чиққан президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган. Ҳужжат 11 ноябрга қадар муҳокама қилинади ва ҳозирча қабул қилинмаган.
Лойиҳада Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги темирйўл алоқаларини ривожлантириш ҳамда йўловчилар учун қулайликларни ошириш кўзда тутилган.
Хусусан, 2028 йил охиригача Фарғона водийсидаги Қўқон — Поп — Наманган — Андижон — Марғилон — Қўқон ҳалқа йўналишида кунлик электр поездлар қатновини икки баробарга ошириш таклиф этилган.
Шунингдек, 2027 йил июлидан Тошкент шаҳри ва вилоятида ягона транспорт боғламасини шакллантириш режалаштирилмоқда. У "Тошкент-Шимолий" ва "Тошкент-Жанубий" вокзаллари, Тошкент халқаро аэропорти ҳамда марказий автовокзални ўзаро боғлаши керак.
Чирчиқ, Янгийўл, Ангрен ва Олмалиқдан пойтахтга қатнайдиган шаҳар атрофи электр поездлари сонини 1,5 баробарга ошириш ҳамда улардан метро бекатларига ўтишни енгиллаштириш таклиф қилинган.
Лойиҳада 2030 йилгача маҳаллий йўналишларда ҳаракатланадиган электр поездлар сонини 30 тага, йўловчи вагонлари паркини эса 650 тага етказиш мақсади белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 10 сентябрдан Тошкент — Андижон — Тошкент йўналишида Хитойнинг "CRRC Dalian" компанияси ишлаб чиқарган тезюрар электр поезд қатнови бошланган. У Ангрен, Поп, Қўқон ва Марғилон орқали Тошкентдан Андижонга 4 соат 15 дақиқада етиб боради.
21 октябрдан ушбу йўналишда иккинчи поезд ҳам қатнай бошлаган. Биринчи поезд 357 нафар, иккинчиси эса 415 нафар йўловчига мўлжалланган.

Изоҳлар мавжуд емас