Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг машҳур Pegasus Airlines лоукостери жорий йилнинг декабрь ойидан эътиборан Бухоро ва Андижонга, келгуси йилнинг март ойидан эса Термиз шаҳрига доимий авиақатновларни амалга оширишни бошлайди. Хусусан, Истанбулдан Бухорога илк парвозлар 14-15 декабрь, Андижонга эса 18-19 декабрь кунларидан эътиборан йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Авиакомпаниянинг расмий веб-сайти ҳамда мобиль иловасида Истанбул ва Бухоро ўртасидаги чипталар нархи 99 доллардан, Андижон йўналишида эса 98 доллардан сотувга чиқарилган.
Бундан ташқари, йўловчилар Андижон ва Бухоро шаҳарларидан Истанбулдаги Сабиҳа Гўкчен аэропорти транзити орқали Европа ва Буюк Британия шаҳарларига, жумладан, Лондонга 314 доллар, Манчестер ҳамда Эдинбургга 292 доллар, Париж ва Прагага эса 298 доллардан бошланадиган арзон тарифларда учишлари мумкин.
Ҳамёнбоп авиақатновларнинг йўлга қўйилиши мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, хорижда таълим олаётган талабалар ҳамда ҳамюртларимиз учун халқаро йўналишларда қулай ва арзон ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Олдинроқ Транспорт вазирлиги томонидан "Таълим ташкилотлари педагогларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун авиа ва темир йўл чипталари қийматига чегирмалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди.

Изоҳлар мавжуд емас