Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар қилишича, фирибгарлар ўзбекистонликларга карантинни бузганлик учун жарима тўлашни илтимос қилиб SMS-хабарлар юборишмоқда.
“Ўзкомназорат”нинг маълум қилишича: "Карантин даврида фирибгарлар коронавирус пандемиясидан хавотирда бўлган фуқароларнинг "ўзини яккалаш" режимидан фойдаланган ҳолда турли хил усуллар, воситалар ва SMS-хабарномалар орқали уларни алдашга уринишмоқда“.
Фуқароларга маълум бир бир сана ёки географик жойлашувни ўз ичига олган "Сиз карантин қоидасини буздингиз ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима тўлашингиз керак" мазмунидаги SMS-хабарларни юбориш ҳолатлари учрамоқда.
Шунингдек, SMS-хабарда жаримани уйдан чиқмасдан тўлаш мумкинлиги эслатилиб, кейинчалик пул ўтказиш учун пластик картанинг махсус рақами кўрсатилган.
"Ўзкомназорат" давлат инспекцияси фуқароларни бундай сохта SMS- хабарларга ишонмасликка, SMS-хабарлар ва телефон қўнғироқлари қабул қилинганида, бегона кишиларга шахсий ёки муҳим электрон воситалар ҳақида асло маълумот тақдим этмасликка чақиради. Бундай ҳолатлар юз берган тақдирда дарҳол қисқа 102 телефон рақами орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш лозим.
Изоҳлар мавжуд емас