Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда Абу Али ибн Сино номидаги техникум негизида Германия тиббиёт академияси очилди. 2025-2026 ўқув йилида у ерда Германиядаги клиникаларда ишлаши мумкин бўлган 750 нафар ҳамшира ва ўрта тиббиёт ходимлари ўқитилади.
Лойиҳа Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Европадаги энг йирик Аахен университети клиникаси ва Швейцариянинг Globogate Concept AG компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Академияга мақсадли қабул асосида Германияда ишлашни режалаштирган номзодлар қабул қилинади. Ўқиш уч йил давом этади ва тўлиқ Германия тиббий стандартлари бўйича ўтказилади. Битирувчиларга икки давлат томонидан тан олинадиган диплом, шунингдек, немис тили бўйича B2 даражадаги сертификат берилади.
Илгари Германия клиникаларига ишга жойлашмоқчи бўлганлар олти-саккиз ой давомида чет элда мослашиш ва қайта ўқишга мажбур бўлган. Бугунги кунда барча тайёргарлик жараёни Ўзбекистонга ўтказилди, бу эса вақтни тежайди ва халқаро меҳнат бозорига чиқишни осонлаштиради.
Дастур мамлакатимиздаги 15 та Абу Али ибн Сино номидаги техникумда босқичма-босқич жорий этилмоқда. Битирувчилар Германияда малакали ўрта бўғин мутахассислари сифатида расман ишлашлари ва зарур ҳолларда ўзлари билан оила аъзоларини олиб кетишлари мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Миграция агентлигининг тажриба лойиҳаси доирасида Тошкент ва Самарқанддан 10 нафар тиббиёт ходими Италияга 3 ойлик стажировкага борганди. Улар клиникаларда ишлайди, тил ва соғлиқни сақлаш тизимини ўрганади. Лойиҳа якунлари бўйича ўқув дастури ишлаб чиқилади, унга кўра ушбу мамлакатда иш билан таъминлаш учун яна 3,5 минг мутахассис тайёрланади.
Аввалроқ, мамлакатимиз ҳамшираларини Қатарга юбориш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳамшираларни АҚШда ишлашга тайёрлаш маркази очилиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас